Мажбурий суғурта – ҳаётий зарурат
Ҳар биримиз транспорт воситалари хизматидан фойдаланамиз. Зеро, инсоннинг ҳаёти ва фаолияти ривожланиб бораётган технологик жараёнлар билан чамбарчас боғлиқлиги боис кундалик ҳаётимизда транспорт воситаларининг ўрни муҳим аҳамиятга эга.
Ҳар биримиз транспорт воситалари хизматидан фойдаланамиз. Зеро, инсоннинг ҳаёти ва фаолияти ривожланиб бораётган технологик жараёнлар билан чамбарчас боғлиқлиги боис кундалик ҳаётимизда транспорт воситаларининг ўрни муҳим аҳамиятга эга.Шаҳар йўловчи транспортидан, темир йўл, ҳаво, дарё транспорти ёки бошқа транспорт туридан фойдаланмайлик, уларнинг ҳаммаси битта ибора билан айтганда ташувчи, деб аталади. Ташувчи йўловчининг ҳаёти ёки соғлиғи ҳамда юк, багаж йўқолганлиги, кам чиққанлиги ва уларга шикаст етказилганлиги (бузилганлиги) учун жавобгардир. 2015 йил 27 майда эълон қилинган “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни йўловчиларнинг ҳавфсизлигини таъминлаш, турли даражадаги хавф-хатарлар оқибатида жабрланган шахсларга етказилган зарар ўрнини қоплаш, суғурта бозоридаги муносабатларни янги босқичга кўтаришда дастуриламал бўлаётир.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 26 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2011-2015 йилларда республика микромолиялаш соҳасини ва нобанк молия секторини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг 5-бандига асосан ишлаб чиқилган мазкур қонун ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга ошириш йўли билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида транспорт воситаларининг барча турларида ташишни амалга оширишда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарар қопланишини кафолатлайди.
6 боб, 26 моддадан иборат мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Иқтисодиёт, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, суғурта компаниялари, Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хафсизлигини назорат қилиш давлат инспекциялари, “Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси каби ташкилотлар билан ҳамкорликда тайёрланган.
– Мамлакатимизда фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси Назир Собиров. – Хусусан, суғурта соҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган янгилик ва ўзгаришлар бунинг яққол мисолидир. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш борасидаги қонун йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича суғурта ҳимоясини янада кучайтиришда қўл келади. Шу кунга қадар мавжуд ҳужжатларда йўловчиларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш кафолати етарли даражада эмас эди. Янги қонун билан эски қонунчиликда мавжуд бўлган муайян бўшлиқлар барҳам топади. Уни ишлаб чиқиш жараёнида хорижий тажриба ҳам ўрганилиб, йўловчиларнинг манфаатларини тўла ҳимоя қилиш учун йўловчиларнинг мажбурий шахсий суғуртаси ўрнига, ташувчининг йўловчилар олдида фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш механизми инсон манфаатларини ҳимоя қилишда кўпроқ қўл келиши аниқланди. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизими кўпгина давлатларда, хусусан, АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Канада, Япония, Россия, Беларусь, Молдовада қўлланилмоқда.
Янги қонунда мажбурий суғурта қилиш шартномаси шартлари ва уни тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши, амал қилиш муддати, суғурта пули, низоларни ҳал этиш тартиби аниқлаштирилган. Эндиликда йўловчи, жабрланувчи ва наф олувчи ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси шартлари тўғрисидаги ахборотни ҳамда суғурталовчи ҳақидаги зарур маълумотларни ташувчидан бепул олиш ҳуқуқига эга.
– Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб, суғурталовчиларга нисбатан алоҳида талаблар белгиланган, – дейди “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти бошқарувининг суғурта хизматларини ривожлантириш департаменти бош менежери Рустам Хидиралиев. – Хусусан, суғурталовчи тегишли лицензияга эга бўлиши зарур. Ўз навбатида, у Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузишга, ташувчилар, жабрланувчилар ва наф олувчиларнинг суғурта талабларини кўриб чиқишга ҳамда суғурта пулини тўлашга ваколатли филиалларга эга бўлиши лозим. Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга оширишга ҳақли суғурталовчилар ўртасида суғурта шериклиги тўғрисидаги ёзма битимнинг мавжудлиги суғурта ҳодисаси содир бўлган ташувчи, йўловчи ва наф олувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади ҳамда суғурталанувчиларнинг молиявий барқарорлигини таъминлайди.
Чалкашликлар рўй бермаслиги учун қонунда ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича мажбурияти бажарилишини назорат қилишни амалга оширувчи давлат органлари белгилаб қўйилган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли ваколатга эга бўлган бошқа давлат органлари ҳам бу вазифаларни бажариши мумкин.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, ташувчининг ҳуқуқий мақоми белгиланган мазкур қонуннинг қабул қилиниши билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, баъзилари ўз кучини йўқотган, деб топилмоқда. “Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 110-моддаси, “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги қонунининг 28-моддаси ва “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонунининг 25-моддасида йўловчиларнинг мажбурий шахсий суғуртасини назарда тутган алоҳида қисмлари чиқариб ташланди. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ташувчининг жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаганлиги учун маъмурий жавобгарликни назарда тутган моддалар билан тўлдирилмоқда.
Мамлакатимизда суғурта фаолияти ва назоратининг қонунчилик базасини такомиллаштириш доимий эътиборда. Соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган янгилик ва ўзгаришлар бунинг ёрқин мисолидир. Зеро, суғурта хизматлари бозор иқтисодиёти шароитида корхона ва ташкилотларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя этувчи самарали воситадир. Расман эълон қилинганидан кейин олти ой ўтгач кучга кирадиган бу қонун ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳамда иқтисодиётга инвестицияларни кенг жалб этишга хизмат қилади.