Махсус унвонлар бир поғона кўтарилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан божхона ходимларининг махсус унвонлари бир поғона кўтариладиган бўлди.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган фармон асосида давлат божхона қўмитаси раиси ташаббуси билан навбатдаги махсус унвон олишни йиллар давомида кутган 785 нафар божхоначининг унвони бир поғона қўтарилди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида навбатдаги махсус унвонларини олиш бахтига сазовор бўлган 76 нафар божхоначига унвонлари топширилди.
Тадбирда кўп йиллардан буён божхона тизимида ҳалол меҳнат қилиб, соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган бўлим ва пост бошлиқларидан 9 нафарига “божхона хизмати подполковниги” махсус унвони, бошқарма аппарати ва мамлакатимиз сарҳадларидаги чегара божхона постларида хизмат қилаётган катта ва бош инспекторлардан жами 21 нафарига “божхона хизмати майори” махсус унвони, шунингдек, 42 нафар божхоначига “божхона хизмати капитани” ва 4 нафарига “божхона хизмати катта лейтенанти”, яна 4 нафар ходимга “божхона хизмати лейтенанти” махсус унвонлари топширилди.

Давлатимиз сарҳадларида қишин-ёзин, кеча-ю кундуз мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлиги, халқ осойишталиги йўлида Устюрт платосидаги об-ҳаво қайсарликлари, саратон жазирамаси ва қаҳратон изғиринига бас келиб, ўз оиласи бағридан 450 километр олисга бориб хизмат қилаётган божхона ходимларига билдирилаётган бу каби ишонч уларга янада катта куч бағишлаб, ўз хизмат вазифаларини, она Ватан олдидаги бурчларини янада улкан садоқат ва катта масъулият билан бажаришларига туртки бўлиши аниқ.
Довуд Абибуллаев, ЎзА