Махсус техникалар ва машина механизмлари топширилди
Аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида “Бухоросувтаъминоти” АЖга 25 та махсус техникалар ва машина механизмлари олиб келинди.
Мазкур техникаларни топшириш тадбирида вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги секторлар раҳбарлари иштирок этди. Замонавий мазкур машина ва механизмлар корхонанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш билан бирга истеъмолчиларга ичимлик сув етказиб бериш, оқава хизматлари кўрсатиш, лойиҳа доирасидаги ишлар сифатини яхшилаши таъкидланди.
Охирги йилларда вилоятда Жаҳон банки кредитлари ҳисобидан Қоракўл ва Олот туманлари аҳолиси сув таъминотини яхшилаш бўйича қиймати 139,0 миллион АҚШ доллари ҳамда Бухоро ва Когон шаҳарлари оқава тизимларини реконструкция қилиш бўйича умумий қиймати 55,0 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳанинг амалга оширилиши ҳисобига вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик сув таъминоти 51 фоиздан 73 фоизга, оқова хизмати билан таъминланганлик даражаси 9,2 фоиздан 15 фоизга оширилди.
[gallery-21850]
Мазкур лойиҳаларнинг узвий давоми сифатида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида жами 633,5 миллион АҚШ доллар бўлган “Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади вилоятда 195 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1 миллион 600 минг аҳолини марказлашган тоза ичимлик сув ҳамда 165 минг аҳолини марказлашган оқова сув хизматлари билан таъминлашдан иборатдир.
Умуман, икки босқичдаги ишлар ўз якунига етказилганидан сўнг аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 95 фоизга, оқова сув хизматларини кўрсатиш 40 фоизга етади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари