Махсус сертификатлар топширилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги ўн йил давомида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида – сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар – оламшумул аҳамиятга эга бўлган туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги ушбу янгиланишларда кўп миллатли юртимиз аҳлининг фаол иштироки кўзга ташланмоқда.
Бугун нафақат сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳаларда жадал ўзгаришлар бўлмоқда, балки жамият ривожланиши кушандаси саналган коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам жиддий ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги кенг кўламли амалий чора-тадбирларда Наманган вилоятида жойлашган “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” корхонаси ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Станциямизда коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор превентив тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, мана бир неча йилдирки, корхонада комплаенс хизмати фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирги шароитда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликда кўзда тутилган талабларга қатьий риоя этиш, харажатларни оптималлаштириш ҳамда асоссиз ва ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш каби масалалар комплаенс хизматининг назоратига олинган. Корхона томонидан тузиладиган ҳар бир хўжалик шартномаси ижрога киритилишидан аввал станция юридик хизмати ҳамда комплаенс хизмати томонидан мажбурий тарзда экспертизадан ўтказилади.

Ушбу тадбирлар орқали давлат харидлари тизимида эҳтимолий коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бутунлай тугатиш, бу борада ушбу соҳага масъул бўлган ҳар бир ходимнинг мажбуриятларини тушунтириш, манфаатлар тўқнашуви, яъни ходимнинг манфаатлари ва вазифалари ўртасидаги зиддият келиб чиқишига, непотизмга йўл қўймаслик каби масалалар ходимларга аниқ мисоллар ёрдамида етказилади.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича ишларни ташкил қилиш жараёнида комплаенс хизмати томонидан корхонамиз ходимлари ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, ҳар бир ходим томонидан зиммасига юклатилган вазифаларнинг тўлақонли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлашга ҳам жиддий эътибор берилиб, ушбу мақсадда амалий семинарлар, техник ўқишлар, очиқ мулоқотлар ҳамда аноним сўровномалар ташкил қилинмоқда.
“CERT International” халқаро сертификатлаш органи томонидан “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси”да яқинда ўтказилган коррупцияга қарши курашиш ҳамда комплаенс тизими аудити якунларига кўра, станциямиз фаолияти “ISO” 37001:2025 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими”, “ISO” 37301:2021 “Мувофиқлик менежменти тизими” халқаро стандартлари ҳамда “O‘z DSt ISO” 37001 миллий стандарти талабларига мувофиқ деб топилди ҳамда бизга махсус сертификатлар топширилди.

Мазкур ҳужжатлар уч йил давомида корхонамизда комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш тизимларининг халқаро талаблар асосида йўлга қўйилганини тасдиқлайди. Ушбу стандартларни жорий этиш қонунбузарликлар ва молиявий хатарларни камайтириш, ҳамкорлар, контрагентлар ва инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш, бошқарувда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашга хизмат қилади.
Амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, корхонамиз ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамоада коррупцияга қарши ўта муросасиз муҳитни шакллантириш, маҳаллийчилик ва таниш-билишчилик иллатларини батамом тугатиш – ҳозирги куннинг энг долзарб вазифалардан бўлиб қолмоқда.

Мутахассислар ва ходимларни иш жойларига танлаш жараёнида меритократия тамойилларини тўлиқ амалиётга жорий қилиш ҳам коррупцияга қарши курашишнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шундай экан, корхонамизда коррпцияга қарши курашиш бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларини сўзсиз амалга оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади. Холбуки, юртимиз раҳбари таъкидлаганидек, “... коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур”.
Эркин Ҳамидов,
“Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” директори
ЎзА