
Парламент назорати доирасида Андижон, Жиззах, Наманган, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ташкил этилган махсус иқтисодий зоналар (МИЗ) фаолияти самарадорлигини ошириш ва уларга хорижий инвестициялар жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
МИЗ фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, хорижий ҳамда маҳаллий инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва доимий иш ўринларини яратиш борасида мақсадли ишлар олиб борилмоқда.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди. МИЗлар самарадорлигини ўрганиш ишлари якунлари муҳокама қилинди.
2020 йилда қабул қилинган “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун билан уларни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатишига доир ҳуқуқий муносабатлар ҳамда тартиб-таомиллар такомиллаштирилди. Маъмурий функцияларни номарказлаштириш, МИЗ дирекцияларининг ваколатларини кенгайтириш орқали уларнинг фаолиятини бошқариш механизми соддалаштирилди.
[gallery-23469]
Ўрганилган ҳудудларда, жумладан, Андижон вилоятидаги “Андижон-фарм”, “Машинасозлик ва электротехника”, Жиззах вилоятидаги “Зомин-фарм” ва “Жиззах”, Наманган вилоятидаги “Косонсой-фарм” ва “Наманган”, Сирдарё вилоятидаги “Сирдарё-фарм” ва “Сирдарё”, Сурхондарё вилоятидаги “Термиз” ҳамда Тошкент вилоятидаги “Ангрен”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” МИЗда 28,3 триллион сўмлик 195 лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 30 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратилган.
МИЗ иштирокчилари томонидан 2024 йилда 27 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, экспорт ҳажми қарийб 253 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Сенаторлар томонидан МИЗда инвестиция лойиҳаларини татбиқ этишда айрим камчилик ва муаммолар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, ташкилий-ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш, жумладан, МИЗни хусусий бошқарувга бериш, экспортга ихтисослаштириш, шунингдек, ер майдонларини аукционга чиқариш тартибини янада соддалаштириш бўйича тавсиялар берилди.
Сенаторлар, маҳаллий кенгашларининг доимий комиссиялари аъзолари, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, мутасадди давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар масъул раҳбарлари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлис якуни бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА