Махонкўлнинг ташландиқ ерлари обод бўлмоқда
Бухоро вилояти Жондор тумани марказидан 20-25 километр олисда жойлашган Махонкўл массивининг қум барханларга туташ экин майдонлари хазинага қиёсланган.
Унумдорлиги юқори Мохонкўлнинг экин ерлари узоқ йиллар юлғунзор, ташландиқ жойга айланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 сентябрдаги “Бошоқли дон етиштиришда кластер тизимини босқичма- босқич жорий этиш орқали юқори ҳосилдорликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори асосида “Мохонкўл ҳудудида ташкил этилган “Яккатут” ғаллачилик ва уруғчилик кластери қисқа муддатда чўлга, саҳрога деҳқончилик маданиятини олиб кирди.

– Биринчи навбатда замонавий техникалар сотиб олинди, – дейди корхона бош мутахассиси Аҳтам Жабборов. – Ерларни қайта ўзлаштириб, янада кенгайтиришга киришилди. – Ҳозирга қадар кластер томонидан жуда катта ишларга қўл урилди. Ерга ер қўшиш, кичик контурларни катта майдонларга айлантириш, иригация-мелиорация тадбирларини сифатли йўлга қўйилиши ўзининг дастлабки самараларини бермоқда. Энг муҳими бу ерда четдан келтирилган ғалланинг 3 та серҳосил навлари экилди. Ундан олинаётган уруғ Бухоро вилоятига тарқатилмоқда.

“Даладан дастурхонгача” тамойили асосида ишлаётган кластер 10 та ўрим комбайни, юқори сифатли ун ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий тегирмон ҳамда сўнгги технологиялар асосида ишлаётган нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналарига эга. “Яккатут” ғаллачилик ва уруғчилик кластери янги тизим афзалликларини намоён этиб, жамият ривожи ва аҳоли фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Мохонкўл массивида замонавий турар жой бинолари қурилиши ҳам режалаштирилган.
Зариф Комилов, ЎзА