Мавсумнинг энг йирик халқаро кўргазмаси
Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ”да 24 ноябрь куни бир йўла иш бошлаган учта йирик халқаро кўргазма давом этяпти. Бу йил ўн олтинчи бор ташкил этилган, “UzAgroExpo” ва “UzProdExpo”, деб номланган кўргазмаларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари, тўртинчи бор уюштирилган ”InterPackExpo” кўргазмасида эса тара ва қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш технология ва ускуналари намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган анжумандан кўзланган мақсад мамлакатимизда бозор тамойилини кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги ўзаро муносабатнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, соҳага инвестиция жалб қилиш кўламини кенгайтириш, ресурс тежовчи технологияларни жорий этишдан иборат.
Мазкур бирлашган экспозицияда 18 мамлакатнинг 120 дан ортиқ компанияси ўз маҳсулоти билан иштирок этмоқда.
Кўргазмага дунёнинг кўплаб ривожланган давлатлари тадбиркорлари етиб келгани ер юзида Ўзбекистон бозорига қизиқиши ошиб бораётганидан далолат.
— Олти йилдан бери Ўзбекистонга мунтазам келиб тураман, — дейди Германиянинг “Inntro agrar GmbH” фирмаси директори Петер Биег. — Юртингиз менга жуда ёқади. Яқинда бу ерда филиал очдик. Ўйлайманки, энди маҳаллий ишбилармон, фермерлар билан алоқамиз янада мустаҳкамланади.
[gallery-4807]
“UzAgroExpo” кўргазмасида экспозициянинг салмоқли қисмини иссиқхона комплексини лойиҳалаш ва қуриш билан боғлиқ ишлар ташкил қилгани бежиз эмас. Зеро, сўнгги йилларда диёримизда ушбу тармоқни ривожлантириш, энергия тежамкор иссиқхона қуриш учун инвестиция жалб қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
— Қарийб беш йилдан буён томчилатиб суғориш тизими учун маҳсулот етказиб бериш билан шуғулланамиз, — дейди Эроннинг “Аgro Fitting” корхонаси менежери Милад Вассалий.
— Ҳозирча маҳсулотимизни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Украинага экспорт қиляпмиз. Хусусан, ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан биргаликда томчилатиб суғориш тизимини лойиҳалаш, ўрнатиш ва лозим бўлганда қурилмага техник хизмат кўрсатиш ишларини амалга оширяпмиз.
“UzProdExpo” доирасида озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати учун ускуна, ичимликлар, ингридиентлар намойиш этиляпти.
”InterPackExpo” бўлинмасида эса кўргазмага тара ва қадоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича энг янги технологиялар, ускуналар, шунингдек, тайёр маҳсулотлар қўйилган.
Кўргазма 26 ноябрь куни якунланади.
Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА мухбири