Мавсумга уюшқоқлик билан киришилди (+видео)
"Ғалла – 26"
Жиззах вилояти далаларида етиштирилган ғаллани йиғиб-териб олиш ишлари уюшқоқлик, аниқ режа ва замонавий ёндашувлар асосида бошланди. Бугун далаларда фақат ҳосил тақдири эмас, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, ер унумдорлиги ва қишлоқ аҳолиси даромадларини оширишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотларнинг амалий натижалари ҳам синовдан ўтмоқда.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлиги ва даромадларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 апрелда қабул қилинган “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида вилоятда ғалла ўрими, такрорий экинлар экиш ва ёшларнинг ердан самарали фойдаланишларини таъминлашга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилди.

Вилоят бўйича жами 80 минг 400 гектар сувли майдонда етиштирилган бошоқли дон ҳосилини қисқа муддатларда ва талафотларсиз йиғиб олиш учун пухта тайёргарлик кўрилди. Шу мақсадда 151 та ўрим-йиғим отряди шакллантирилиб, 309 та комбайн жалб этилган. Ҳосил ташиш ишларида 1 минг 428 та юк автомобили, 1 минг 374 та трактор тиркамаси, 61 та кўчма устахона ва 60 та ёқилғи ташиш воситаси иштирок этмоқда. Ўрим жараёнига жалб қилинган мутахассислар, муҳандислар ва техник хизмат кўрсатувчи ходимлар сони эса 656 нафарни ташкил этади.
Ҳосилни йиғиб олиш графиги ҳам аниқ белгилаб олинган. Вилоятда ялпи ўрим ишларини 10 июндан бошлаб, 25 июнга қадар якунлаш режалаштирилган. Ҳар бир комбайн ҳиссасига ўртача 260 гектардан майдон тўғри келмоқда.

Дўстлик туманида мавсумга алоҳида уюшқоқлик билан киришилди. Бу ерда 14 минг 700 гектар майдонда парваришланган ғалладан 150 минг тоннадан ортиқ ҳосил олиш кўзда тутилган. Мавсумни самарали ташкил этиш учун 23 та ўрим отряди тузилиб, 44 та комбайн жалб қилинган. Ҳосилни ташишда 207 та юк автомобили ва 340 та трактор тиркамаси жалб этилган.
Ўримни биринчи бўлиб Умрзоқ Маматқулов фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси таркибидаги “Иноятулла” фермер хўжалиги ғаллакорлари бошлаб берди. Хўжаликнинг 40 гектар бошоқли дон майдонларидаги меҳнат самараси айрим участкаларда ҳар гектардан 90 центнергача ҳосил бераётгани билан намоён бўлмоқда. Бу рақамлар деҳқоннинг йил давомида ерга меҳр билан муносабатда бўлгани, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарганининг амалий ифодасидир.

Пахтакор туманида ҳам ғалла ўримига старт берилди. Бу ерда 11 минг 700 гектар майдонда етиштирилган ҳосилни йиғиб олиш учун 21 та ўрим отряди шакллантирилиб, 38 та комбайн сафарбар этилган. Мавсумни “Жасмин Рухсор” фермер хўжалиги бошлаб берди. Айрим майдонларда ҳар гектардан 90–95 центнергача ҳосил олинаётгани туман ғаллакорларининг машаққатли меҳнати самараси эканини кўрсатмоқда.
Бугунги ғалла ўрими фақат дон йиғиш билан чекланмайди. Далалар бўшаши билан иккинчи ҳосил учун кураш бошланади. Шу маънода, Жиззахнинг илғор фермерлари буғдойдан кейин мош экишда “No-Till” — нолли ишлов бериш технологиясини қўллаб, замонавий деҳқончиликнинг амалий намунасини яратмоқда. Ушбу усул тупроқ структурасини сақлаш, ёқилғи ва меҳнат харажатларини камайтириш, энг муҳими, ер унумдорлигини янада ошириш имконини бермоқда. Иқлим ўзгариши шароитида бу каби инновацион ёндашувлар нафақат иқтисодий самара, балки экологик барқарорликни ҳам таъминлайди.

Вилоятда ёшларнинг ердан даромад манбаи сифатида фойдаланишга бўлган қизиқиши ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Арнасой туманида 421 нафар ёшга жами 390 гектар ер майдони ажратилган. Мазкур майдонларда буғдой, арпа, полиз ва озуқа экинлари етиштирилиб, айни пайтда ҳосил йиғиб олинмоқда. Ғалладан бўшаган ерларда эса такрорий экин сифатида мош экиш ишлари бошланган. Бу эса бир ердан йил давомида икки марта ҳосил олиш ва қўшимча даромад манбаи яратиш имконини бермоқда.
Мирзачўл туманида ҳам ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар ўз самарасини бермоқда. Дўстлик маҳалласидаги 34 нафар ёш 24 гектар майдонда буғдой, арпа ва полиз маҳсулотлари етиштиришиб, мўл ҳосил олишмоқда.

Жиззах далаларида кечаётган бугунги меҳнат марафони фақат мавсумий кампания эмас. У мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ердан самарали фойдаланиш, қишлоқ аҳолиси даромадларини ошириш ва ёшларни тадбиркорликка жалб этишга қаратилган давлат сиёсатининг амалий натижасидир. Энг муҳими, бу жараёнда ҳар бир йиғиб олинган дон бошоғи ортида деҳқоннинг меҳнати, муҳандиснинг масъулияти, ташкилотчининг интизоми ва Янги Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг эртанги кунига бўлган ишонч бор.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/C5MrYDonfDw" title="Mavsumga uyushqoqlik bilan kirishildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдужалол Қаюмов (виде+сурат), ЎзА мухбири