Бухорода 167 мингдан зиёд суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, уларга йил давомида маиший газ баллонлари белгиланган режага мувофиқ етказиб берилмоқда. 2024-2025 йил мавсумга тайёргарлик ишлари самарали ташкил этилган. Бир сўз билан айтганда, газ таъминоти филиали мавсумга тайёр ҳолда.
Таъкидлаш лозим, истеъмолчиларнинг маиший газ баллонларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, жорий йил бошидан қўшимча 947 дона маиший газ баллонлар етказиб берилди. Шунингдек, газ тўлдириш иншоотларида 200 минг тонна газ ва газ таъминоти омборларида 3000 минг дона газ баллон захираси яратилган.
Олис ва бориш қийин бўлган 7 та қишлоқ (овул)лардаги 486 та аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий дафтарларга киритилган оилалар белгиланган режа асосида жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра 86 минг тонна суюлтирилган газ билан таъминланиб, бу борадаги ишлар давом этмоқда.
– Суюлтирилган газни етказиш муддати ва сарф харажатларини қисқартириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва бошқарувни оптималлаштириш мақсадида 2 та газ тўлдириш иншооти аутсорсинг асосида жалб қилиниб, сақлаш қуввати 60 тоннага, ойлик тўлдириш қуввати эса 640 тоннага оширилди, – дейди газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Бобиржон Мамедов. – Истеъмолчиларни узлуксиз газ билан таъминлаш асосий мақсад экан, филиал ходимлари бу борада тизимли ишларни йўлга қўйган. Бугунги кундаги газга бўлган талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш бўйича ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири