Мавсум беталафот ўтади
Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, аҳолининг гўшт, сут ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, аҳолининг гўшт, сут ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Президентимизнинг 2008 йил 21 апрелдаги “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Навоий вилоятида гўшт маҳсулотлари етказишда шимолий ҳудудлардаги чорвачиликка ихтисослашган ширкат хўжаликларининг ҳиссаси катта бўлмоқда. Вилоятнинг қоракўлчилик ширкат хўжаликларида мавсум учун қарийб 117 минг тоннадан ортиқ дағал хашак захираси яратилди. 1 минг 307 ёпиқ ҳамда 1 минг 88 очиқ қўрани мавсумга тайёрлаш, том ва деворларини таъмирлаш ишлари якунига етказилаётир. Қоракўлчилик ширкат хўжаликларида махсус штаблар ташкил этилгани мушкул вазиятларда отарни талафотлардан омон сақлаб қолиш ҳамда малакали зооветеринария хизмати кўрсатишда муҳим ўрин тутади.
– Ўз ишини пухта биладиган тажрибали чўпон отарини кўкламга беталафот олиб чиқади, – дейди Нурота туманидаги “Истиқлол” ширкат хўжалиги раиси Н.Эсонов. – Шунга амал қилиб, биз ҳам қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрдик. 5 минг 850 тонна дағал хашак, 150 тонна арпа, 70 тонна омихта ем ҳамда қўшимча озуқалар жамғарилди.
“Навоий қоракўл” бирлашмаси белгиланган ишларни ўз вақтида амалга оширмоқда. Хусусан, чорвага сув етказиб берувчи қудуқларнинг барчаси махсус кўрикдан ўтказилди.
Мавсумда чўпон ва ишчиларга зарур шароитлар яратиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш ҳам доимий эътиборда. Айни пайтгача чўпон-чўлиқлар махсус қишки кийим-бош билан таъминланди. Оила пудратчиларининг озиқ-овқат захирасини мустаҳкамлаш мақсадида ун, ўсимлик ёғи, шакар ва асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилмоқда.