Мавритания балиқлари йўқолиб боряпти (+видео)
Мавританияда ва бутун Шимоли-ғарбий Африкада балиқ – аҳоли учун зарур ҳаётий манба ҳисобланади. Афсуски, бугунги кунда бу табиий бойлик таҳдид остида қолмоқда.
Мавританияликлар балиқларини қандай асраб қолади ва бу ишда Европа қандай ёрдам бериши мумкин?
Нуадибу бандаргоҳида минглаб кичик қайиқ ов мавсумига тахт қилиб қўйилган. Мамлакат шимолидаги бу шаҳар Атлантика океанининг балиқ энг кўп ҳудудида жойлашган. Қайиқда ишлаш оғир ва жуда хавфли, аммо маҳаллий ва қўшни мамлакатлардан келган балиқчиларнинг тирикчилиги шундан.
– Тез орада мавсум бошланади ва минглаб қайиқ океан ичкарисига йўл олади, – дейди “Евроньюс” мухбири Денис Локтев. – Балиқчилар оиласи, яқинларини боқиш учун ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да, овга жўнайди. Минтақада айнан шу сув жонивори миллионлаб одамларни озиқ-овқат, иш билан таъминлайди. Бинобарин, бугунги кунда океан табиий ресурслари хавф остида қолаётир.
Бу жойларда балиқ ва денгиз маҳсулотлари ҳар-хил турда овланади. Масалан, сардинелла каби ноёб тур қирғоқда яшовчиларнинг оқсилга талабини қондиради. Балиқчилар айтишича, илгари балиқни топиш ва овлаш анча осон эди. Ҳозир эса етарли даражада улуш олиш учун қирғоқдан анча узоққа бориш керак.
– Энди нима бўлар экан, деб қўрқяпмиз, чунки денгизда ҳеч нарса қолмаган, – дейди 13 ёшидан бери овчилик қиладиган Мусо Тев. – Балиқ топиш жуда қийин кечяпти. Денгиз айниган: ов кемаси ҳам, йирик кемалар ҳам жуда кўпайган. Иқлим ўзгариб, жониворлар йўқолиб боряпти. Ёнилғи сарфи юқори, фойда эса шунга яраша эмас.
Мавритания Океанография тадқиқоти ва балиқчилик институти олимлари ҳар кунги овни таҳлил қилишади. Изланиш кўрсатадики, майда ва ноёб балиқларнинг айрим турлари керагидан ортиқ овланмоқда. Тезроқ чора кўрилмаса, бу турлар бутунлай йўқолиб кетиши мумкин. Миллий балиқчилик федерацияси раҳбари Муҳаммад Фодилнинг хавотири ҳам асосли:
– Озуқа манбаимизни йўқотишдан хавотирдамиз. Агар балиқ қолмаса, бу биз учун катта фалокат, дегани.
Асосий муаммолардан бири – иқлим ўзгариши. Балиқчилар, экология фаоллари яна бир сабабга ишора қилмоқда. Яъни, йирик саноат кемалари хорижга етказиб бериш учун катта миқдорда балиқ тутмоқда.
– Саноат кемалари эрталаб соат 8 да портни тарк этиб, тушдан кейин 500 тонна балиқ билан қайтиши мумкин. Бу, албатта, керагидан ортиқ ов. Аслида муаммонинг илдизи бошқа жойда: ҳозир қайта ишловчи компаниялар кўпайган. Уларнинг заводларига имкон даражасида кўпроқ хом ашё етказиб бериш керак.
Тўғри, айрим корхоналар ёпилган, баъзилари модернизация қилиняпти. 25 йилдан бери фаолият юритаётган “Мавритания Пелажик” компанияси аҳолининг шу ташвишига шериклиги, экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришга интилаётганини айтади. Бу компания балиқ уни ва ёғини чиқиндидан тайёрлайди. Истеъмол қилинадиган қисмини музлатиб, харидорларга сотади. Фабрика директори айтишича, ҳамма рақобатчилар ҳам бу қоидага амал қилишмаяпти.
Майда, яъни истеъмолга ҳали яроқсиз балиқни овлаш тақиқланган. Афсуски, аксар овчилар бунга амал қилмайди.
– Океанни ўз ҳолида сақлаш учун қачон ва қаерда қандай балиқ тутиш мумкин, қайсини музлатиш кераклиги бўйича аниқ кўрсатма керак, – дейди тадқиқотчи Муҳаммад Аҳмад-Жайид. – Бундай қоида бошқарув режаси дейилади. Ҳеч бир давлат бу минтақавий муаммони ёлғиз ўзи ҳал қила олмайди. Шу боис Мавритания Европа Иттифоқи кўмагида ноёб турларни сақлаш ва кўпайтириш режасини ишлаб чиқди. Ҳозир қўшни давлатлар билан бирга ҳаракат қиляпмиз. Бу Мавритания ва ЕИ 2021 йилдаги музокарадан сўнг эришган “Барқарор балиқчилик бўйича ҳамкорлик шартномаси”нинг бир қисмидир. Ўша мулоқотда мамлакат делегациясига бошчилик қилган Балиқчилик ва денгиз хўжалиги вазирлиги Бош котиби Сиди Али Сиди Бубакар шундай дейди:
– Музокара натижасида барча тавсиялар, жумладан ноёб майда турларни сақлаб қолиш кўрсатмасини ҳам ҳисобга олдик. Менимча, бу усул самара бера бошлади.
Европа Иттифоқининг Мавританиядаги миссияси раҳбари Хоакин Тассо Вилайонга тадқиқот институтининг янги бош қароргоҳига ташриф буюрди. Элчи навбатдаги келишув ўзаро манфаатли эканини таъкидлайди. ЕИ ушбу давлат балиқчилик саноатини ривожлантириш учун йилига 57 миллион евро ажратади. Бунинг эвазига кўҳна қитъа кемалари Мавритания сувида балиқ овлаши мумкин.
ЕИ молиявий ёрдамида соҳани модернизация қилиш кўзда тутилган. Бу жараёнга, ҳатто, балиқ бозорларини қайта кўриб чиқиш ҳам киритилган. Масалан, пойтахтда 200 гектар майдонни эгаллаган Нуакшота балиқ бозорида янги балиқ ва турли денгиз маҳсулотлари сотилади. Маҳсулотлар пойтахт ва қирғоқ атрофидаги оилалар учун муҳим озиқ-овқат манбаи ҳисобланади. Афсуски, мажмуада тегишли инфратузилма яратилмаган. Денгиз маҳсулотларини тушириш қийин, чунки зарур ва мос техника йўқ. Бу балиқ нархига таъсир қилмоқда.
– Шунингдек, сотувчи ва харидор учун шарт-шароитни ҳам яхшилаш керак, – дейди бозор директори. – Ҳар куни 20 000-30 000 одам келади: хавфсизлик, гигиена ва сифат билан боғлиқ жиддий муаммолар келиб чиқяпти. Европа пулига қурилган янги тез тиббий ёрдам пункти баъзан юзага келадиган шошилинч тиббий муаммоларни ҳал қилишда бизга ёрдам беради. Балиқчилик Мавритания экспортининг учдан бири, давлат умумий даромадининг тўртдан бирини ташкил қилади. Соҳада 300 000 дан кўп одам ишлайди. Айни йўналиш – иқтисодиётимиз асоси. Умуман, Европа билан ҳамкорликдан аниқ мақсад кўзланган. Балиқ экспортидан юртга пул келса-да, маҳаллий аҳоли истеъмоли учун арзон балиқ ҳам етарли бўлиши керак. Мақсад – балиқчиликни ҳамма учун барқарор сақлаш. Менталитетни ҳам ўзгартиришимиз керак, деб ўйлайман. Фақат бугунги кунимизни эмас, келажак ҳақида ҳам ўйлашимиз керак.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/E4LF0b4J-QY" title="Mavritaniya baliqlari yo‘qolib boryapti" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов,
ЎзА шарҳловчиси