Матёқуб Қўшжонов: “Юрак дарди”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Атоқли олим, адабиётшунос ва адиб Матёқуб Қўшжоновнинг “Юрак дарди” номли роман-хотира китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, омонсиз жангларда иштирок этган бўлажак олим “Ақл бовар қилмас кўргиликларга дуч келдим, мудҳиш жиноятларга гувоҳ бўлдим, ёвуз дунё билан юзлашдим...” дея эслайди ўша дамларни.
Снайпер – жангчи, атоқли мунаққид ва ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, кўплаб давлат мукофотлари, орден ва медаллар соҳиби, академик Матёқуб Қўшжонов қаламига мансуб ушбу роман ҳаёт аталмиш буюк неъмат табиатига мутлақо зид бўлган бешафқат урушлар, хунрезликлар оқибатини ҳаққоний лавҳаларда очиб берган бадиий асар сифатида ўқувчига унутилмас таассурот қолдиради.
Китобга адибнинг фарзандлари Қудрат Қўшжонов “Отам юрагида қолиб кетган дард” номли каттагина сўзбоши ёзган.
Адибнинг ўзи эса ушбу роман ҳақида шундай ёзади:
“Авлодларга сабоқ бўлсин учун ушбу китобга айни йигитлик чоғимнинг тўрт йилини шу оловли уруш офати ичра ўтказиб, кўрган-кечирганларимини хатга солдим. Бу баён қилинган воқеалар даҳшатли уруш йиллари бошимдан ўтказганларимнинг айрим зарралари, холос. Ўша кезлар “Кенг ва бепоёндир менинг ватаним” деган қўшиқ бўларди. Инсоният бошига тушган фашизм балосини шу бепоён ватан қудрати бир билак, бир мушт бўлиб бирлашибгина даф қила олганини унутмаслигимиз керак”.
Атоқли мунаққид, адабиётшунос олим, адиб роман-хотирани “Огоҳ бўлинг, одамлар!” даъвати билан якунлайди.
Бу даъват то инсоният бор экан, қулоқлар остида янграб тургуси.
Матёқуб Қўшжоновнинг “Юрак дарди” роман-хотарасини, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА