Матонатлиларнинг “Марварид юрти”даги мардонаворлиги
Баҳрайнда давом этаётган ёшлар ўртасидаги IV Пара Осиё ўйинлари мамлакатимизнинг матонатли спортчилари учун муваффақиятли ўтмоқда.
Эътиборлиси, Араб давлатларининг энг кичиги бўлиши билан бирга минтақанинг “Марварид юрти” номи билан дунёга танилган Бахрайнда ўтаётган Осиё ўйинларининг учинчи кунги натижаларига кўра, ўзбекистонлик ёш параспортчилар 6 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритди.

Мусобақанинг учинчи кунида пара сузиш баҳсларида S8 классида 100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича 1:18:80 дақиқа натижа қайд этган ҳамюртимиз Азизбек Бойназаров маррага учинчи бўлиб етиб келди. Худди шу масофага брасс усулида сузиш баҳсларида эса Азизбек олтин медални қўлга киритди.
Пара таэквондо баҳсларида 3 нафар спортчимиз иштирок этди ва 2 та олтин ҳамда 1 та бронза медалини қўлга киритди. Жумладан, 58 кг вазн тоифасида Қудратилло Шоназаров ҳамда 70 кг вазн тоифасида Асилбек Ҳусанов олтин медалга эга чиққан бўлса, 63 кг вазнда Қудрат Ҳайдаровга бронза медали насиб этди.
Бугун мусобақа дастуридан ўрин олган сўнгги беллашувлар ва IV Пара Осиё ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими ташкил этилади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА