Матонатли пара шахматчиларимизнинг тарихий муваффақиятга эришди
Самарқандда ўтаётган шахмат олимпиадаси доирасида ташкил этилган III шахмат паралимпиадаси мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди.
Ортда қолган етти кун давомидаги шиддатли баҳсларда Аҳадхон Кимсанбоев, Марсел Шаюсупов, Сирожиддин Зайниддинов ва Селби Какишовадан иборат Ўзбекистон-1 терма жамоаси ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этди.
36 та давлатнинг 41 та жамоаси ва 164 нафар етакчи “ақл ва таффаккур соҳиблари” қатнашган муросасиз баҳсларда матонат ва мрода тимсоли бўлган Ўзбекистон-1 терма жамоаси 3 та ғалаба, 4 та дуранг натижа қайд этиб, 11 очко билан III шахмат паралимпиадасининг бронза медалларига эга чиқди.

Нуфузли мусобақанинг сўнгги 7-турида ҳамюртларимиз Исроил пара шахматчилари билан куч синашди.
Ҳал қилувчи баҳсда Ўзбекистон-1 жамоаси аъзоларидан Аҳадхон Кимсанбоев рақиби билан муроса йўлини танлаган бўлса, Марсел Шаюсупов ва Селби Какишова рақибларини таслим қилди. Сирожиддин Зайниддинов эса имкониятни бой бериб қўйди. Ушбу кўрсаткичлар туфайли пара шахматчиларимиз Исроил терма жамоасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди.

Мусобақа якунига кўра, Полша жамоаси 13 очко билан 1-ўринни, Куба вакиллари 12 очко жамғариб, 2-ўринни эгаллади.
Эътиборли жиҳати, пара шахматчиларимизнинг 11 очко билан тарихда илк бор Олимпиадада 3-ўринга сазовор бўлиши Ўзбекистон пара шахматининг янги юксалиш даври бошланганлигини амалда кўрсатди.
Энг муҳими, мазкур муваффақият мамлакатимизда имконияти чекланган инсонларга давлатимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятлар натижаси эканлигидан далолат эканлиги билан бирга янги Ўзбекистоннинг янги ютуқлари бардавом эканлигининг ёрқин тантанаси бўлди.
Т. Рўзиев, ЎзА