Матбуотга бахшида умр
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ҳар бир даврнинг ўз фидойилари, ўз мактабини ярата олган устозлари бўлади. Улар нафақат касбий фаолияти, балки тарбиялаган шогирдлари, яратган ижодий муҳити билан ҳам қадрланади. Бухоро журналистикаси тараққиёти ҳақида сўз кетганда ана шундай устозлар қаторида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Жаҳонгир Исмоилов номи алоҳида тилга олинади.
Қирқ йилдан зиёд вақт давомида матбуот соҳасида самарали меҳнат қилган Жаҳонгир Исмоилов фаол журналист, моҳир ташкилотчи, тажрибали раҳбар ва сермаҳсул ижодкор сифатида кенг жамоатчиликка танилди. У меҳнат фаолиятини вилоятнинг нуфузли нашри – “Бухоро ҳақиқати” газетасида бошлаб, кейинчалик “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталарига бош муҳаррирлик қилди. 1996–2002 йилларда республика зиёлиларининг бош нашри ҳисобланган “Маърифат” газетасининг вилоят бўйича мухбири сифатида фаолият юритди. Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Бухоро вилояти бўлимига раҳбарлик қилиб, миллий журналистика ривожига муносиб ҳисса қўшди.
Устознинг энг катта хизматларидан бири – ёш кадрларни тарбиялаш ва уларнинг соҳада муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашганидир. Унинг бевосита меҳнати ва маслаҳатлари билан камол топган ёшлар бугун турли соҳаларда масъул вазифаларда фаолият юритмоқда. Жумладан, вилоятда биринчи бўлиб Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган, бугунги кунда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати раҳбари сифатида фаолият кўрсатаётган Ирода Орипова, меҳнат фаолиятини “Бухоронома” газетасида бошлаб, ҳозирда вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси лавозимида ишлаётган Акбар Рустамов, Бухоро вилоят ҳокимининг матбуот хизмати раҳбари Олим Жўраев каби журналистлар устознинг муносиб шогирдлари сифатида эътироф этилади.
[gallery-30118]
Ж.Исмоилов ижод соҳасида ҳам салмоқли мерос қолдирган адиблардан ҳисобланади. Унинг публицистика, шеърият, наср ва мемуар жанрлардаги йигирмага яқин китоби нашр этилган. “Туташ тақдирлар”, “Жасоратнинг давоми”, “Вақт қадри”, “Юрт меҳри”, “Соғинч”, “Баҳордан кузгача”, “Сўнгги манзил”, “Таназзул”, “Чиптасиз одамлар”, “Ҳаётнинг қувончу озорлари” каби асарлари китобхонлар эътиборини қозонган.
Жаҳонгир Исмоилов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ордени, “Олтин қалам” миллий мукофоти ҳамда қатор давлат мукофотлари билан тақдирланган.
Устознинг турмуш ўртоғи Сора Тошева ҳам таълим ва матбуот соҳасида ўзининг муносиб ўрнига эга ижодкорлардан саналади. У “Бухоро муаллими”, “Истеъдод” газеталарида бош муҳаррир сифатида фаолият юритиб, таълим соҳасидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, педагоглар овозини кенг жамоатчиликка етказишда катта хизмат қилди.
Бугун Жаҳонгир Исмоилов ва Сора Тошева каби фидойи инсонлар меҳнати туфайли шаклланган ижодий мактаб ўз самараларини бермоқда. Уларнинг ҳаёт йўли, касбга садоқати ва инсонларга меҳри ёш журналистлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА