Матбуот хизмати раҳбарлари малака оширди
Андижонда туман, шаҳар ҳокимликлари матбуот хизматлари раҳбарлари учун ўқув-семинар ўтказилди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Андижон вилояти филиали ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ҳамкорлигида ўтказилган ўқув семинарда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” ги қонуни мазмун-моҳияти ва давлат фуқаролик хизматчисининг одоб-аҳлоқ қоидаларига амал қилиши, журналист этикаси, шунингдек, матбуот хизматлари фаолияти самарадорлигини ошириш хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Туман, шаҳар ҳокимликлари матбуот хизматлари раҳбарларининг билим ва малакасини ошириш, уларни журналист этикаси ва амалдаги қонунчилик мазмун-моҳияти билан чуқурроқ таништириш мақсадида ташкил этилган ўқув-семинар очилишида сўз олган Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Андижон вилояти филиали раҳбари Муҳитдин Кулдашев, Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Зоҳиджон Тожибоев ўқув-семинарнинг мақсади, туман, шаҳар ҳокимликлари матбуот хизматлари фаолияти, ҳокимликлар сайтлари, турли ижтимоий тармоқлардаги каналларининг юритилиши, уларнинг ютуқ, муаммо ва камчиликлари ҳақида гапирди.
Ўқув-семинарда “Дийдор” радиоси муҳаррири Бахтиёр Мўминовнинг “Матбуот хизмати ходимининг ахборот тарқатиш қоидаларига амал қилиши ва журналист этикаси”, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати бошлиғи Севара Зокированинг “Замонавий медиа муҳит: давлат хизматчилари ва оммавий ахборот воситалари”, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Андижон вилояти фотомухбири Зухриддин Умрзоқовнинг “Фотожурналистика йўналиши методлари” мавзуларидаги маърузалари тингланди.
[gallery-11939]
Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
– Ўқув семинари давомида фаолиятимизга оид кўп нарсаларни ўргандик, кенг маълумотлар олдик, – дейди Булоқбоши тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари Иброҳимжон Юлдашев. – Олган билим ва маълумотларимиз шубҳасиз, келгуси фаолиятимизни янада самарали олиб боришда ёрдам беради.
Шундан сўнг иштирокчиларнинг турли ҳолатларда ўзини қандай тутиши, муаммоли мавзуларни ёритишда ташқи омил ва таъсирларга берилмаслик, кенг жамоатчилик вакиллари билан муносабатни шакллантириш масалаларида Андижон вилояти Психологлар ассоциацияси раҳбари Н. Асқаров томонидан психологик-тренинг ўтказилди.
Якунда иштирокчилар ўқув-семинари давомида олган билимлари бўйича тест синови топширди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА