Матбуот ва ОАВ вакилларига эҳтиром кўрсатилди
Бу йил Навоийда 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кўтаринки руҳда нишонланди.
Эрта тонгдан журналист ва ОАВ ходимлари, блогерлар Навоий шаҳридаги “Илм маърифат” боғида жам бўлди. Бу ерда улар “Заковат”, турли спорт мусобақалари ва “Ош чемпионати”да ўзаро беллашди.
Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирокчилар шу ернинг ўзида ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Қайд этиш керак, айни пайтда Навоий вилоятида 20 та газета, 1 та журнал, 1 та телевидение ва радио ҳамда 100 га яқин мустақил интернет сайтларида 200 нафардан ортиқ ижодий ходимлар меҳнат қилмоқда. Шунингдек, бугун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотларда Ахборот хизматлари самарали фаолият юритмоқда.
Айни пайтда оммавий ахборот воситалари вакилларининг 1 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, 1 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 4 нафари “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари нишондорлари, 4 нафари эса “Шуҳрат” медали совриндорлари ҳисобланишса, куни кеча Президент фармонига кўра, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририятининг Навоий вилояти бўйича махсус мухбири Дилфуза Гулямова “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.
[gallery-18099]
- Оммавий ахборот воситалари жамият кўзгуси, ахборот ва сўз эркинлигини таъминловчи ҳамда содир бўлаётган жараёнларга холис ва ҳаққоний ёндашувчи муҳим восита сифатида бугун ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди, - дейди “Шуҳрат” медали соҳибаси Д.Гулямова. - Мазкур шарафли ва машаққатли соҳада меҳнат қилаётган журналист ва блогерлар, тизим жонкуярларининг меҳнатлари эса ҳамиша эътибор ва эъзозда. Касб байрамимиз муносабати билан топширилган бу юксак мукофот менга янада улкан масъулият юклайди ҳамда сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш, юртимиздаги янгиланиш жараёнларини ёритиш, эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб этишга ундайди.
“Tinchlik Plaza” меҳмонхонасида ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, юртимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини, уларнинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш, медиа тармоқларининг ҳуқуқий, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янгилаш, техник-технологик жиҳатдан модернизация қилиш, журналист касбининг ижтимоий мақоми, нуфузини кўтариш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий, маънавий рағбатлантириш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтди.
Тантанали тадбирда бир гуруҳ ОАВ вакиллари, фахрий журналистлар ва блогерларга вилоят ҳокимининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари