Масофадан ўқитишда таълим сифатини қандай ошириш мумкин?
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази ва UNICEF ташкилоти ҳамкорлигида «Масофадан ўқитишда таълим олиш сифатини ошириш» мавзусида онлайн тренинг ташкил этилди.
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази ва UNICEF ташкилоти ҳамкорлигида «Масофадан ўқитишда таълим олиш сифатини ошириш» мавзусида онлайн тренинг ташкил этилди.
Педагогика фанлари доктори, UNICEF ташкилоти эксперти Мария Торо-Троконис ўтказган тренингда тегишли соҳа вакиллари, педагоглар иштирок этди.
Мария Торо-Троконис Буюк Британия олий ўқув юртлари билан кўп йилдан буён ҳамкорлик қилади. Imperial College London тиббиёт мактаби катта ўқитувчи ва электрон ўқитиш бўлими раҳбари сифатида 10 йиллик тажрибага эга. У онлайн таълим соҳасида етакчи мутахассис саналади.
– Дунёдаги илғор тажрибаларга кўра, дарс жараёнида ўқитувчи эмас, ўқувчи марказда туради, – дейди Республика таълим маркази мониторинг бўлими бошлиғи Фарруҳ Абдуллаев. – Унга кўра, ўқувчи маълумотни кўпроқ мустақил ишлайди. Ўқитувчи эса синфда координатор бўлиши яъни ўқувчини йўналтириб фаолиятини тартибга солиб бориши, уларни баҳолаши керак. Бугунги тренинг орқали бу жараён аниқ мисоллар ва рақамлар билан келтирилди. Масалан, Блюм таксономияси ўқувчини ўқув материалини қабул қилиш, эсда сақлаб қолиш, уни тушуниш, қўллаш, таҳлил қилиш ва баҳолашгача бўлган жараённи ўз ичига олади. Тренинг бизга Блюм таксономиясини таълим жараёнига татбиқ қилишни усуллари ҳамда ундан масофавий таълимни ташкил этишда қандай фойдаланиш мумкинлигини ҳам ўргатди.
Илгари сурилган дарс тақсимотига кўра, 10 фоиз ўқитувчи томонидан маълумот олишга, 20 фоиз мустақил маълумотлар излаб топишга, 70 фоиз олинган маълумотлар устида ишлаб, янги нарсалар яратиш ва уни баҳолаш жараёнларига ажратилади. 10/20/70 структурасини амалиётга татбиқ этиш, масофавий таълим жараёнида самарали натижа беришига ишонса бўлади.
Бунинг учун, биз кўп эътибор қаратмайдиган жиҳат, яъни маълумот устида муҳокама олиб боришга кўпроқ аҳамият беришимиз керак. Буни телеграм ёки бошқа ижтимоий тармоқлардаги ботлар, таълим платформаларидаги форумлар орқали амалга ошириш мумкин. Масалан, ўқитувчи томонидан телеграм гуруҳга махсус бот улаб қўйилса, гуруҳга ташланган маълумот юзасидан фикр ёзиш имконияти бўлади ва ўқувчиларга мавзуни ўша ерда муҳокама қилиш шароитини яратади.