Маск триллионер бўлиши мумкин
Илон Маскка тегишли SpaceX оммавий акция савдоси — IPO учун ҳужжат топширди. Бу воқеа жаҳон молия бозорида мислсиз ҳодиса сифатида тан олиняпти. Компания акцияси сотувга чиқарилса, тарихдаги энг йирик IPO қаторидан жой олади ва Маск дунёдаги илк триллион долларлик бойга айланади.
Манбаларга кўра, компания 75 миллиард долларгача маблағ жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу кўрсаткич 2019 йилдаги “Saudi Aramco IPO”сидан ҳам юқори. Тахминга кўра, SpaceX умумий қийматини 1,5 триллион долларга етказиб, дунёдаги энг қиммат хусусий компания мақомини қўлга киритади.
Фақат ракета учириш билан чекланмайдиган бу корхона таркибида глобал интернет хизматини таъминловчи йирик “Starlink” сунъий йўлдош тармоғи ҳам бор. Бошқа юқори технологияли лойиҳалар билан ҳам интеграциялашганлиги SpaceX тизимининг бозордаги позициясини янада мустаҳкамламоқда.
IPO орқали жалб қилинган маблағ Ойда база яратиш, орбитада улкан сана марказлари қуриш, келажакда Марсга инсон юбориш каби мақсадлар учун сарфланади. SpaceX сўнгги йилларда NASA ва АҚШ давлат идоралари билан миллиардлаб долларлик шартномалар тузди. Шу боис компаниянинг ривожланиши нафақат бизнес, балки глобал технология тараққий этиши учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Мусулмон Зиё, ЎзА