Машғулот жараёнлари кўздан кечирилди
Шу кунларда спортчиларимиз Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда.
Жумладан, эркин ва юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари айни кунларда Тошкент вилоятидаги “Хумсон” дам олиш масканида ўтказилаётган ўқув-машғулот йиғинида иштирок этмоқда.
Куни кеча Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, вазирликнинг Олимпия ва Паралимпия бошқармаси бошлиғи Рашид Маткаримов Осиё ўйинларига тайёргарликнинг ҳолатини ўрганиш мақсадида эркин ва юнон-рум курашчиларининг машғулот жараёнларини кузатди.
Уларнинг яшаш шароитлари билан танишди. Зарур спорт юкламаларининг бажарилиш тизимларини кўздан кечирди. Мураббий ва мутахассислар билан спортчиларнинг техник-тактик маҳоратини такомиллаштириш борасида суҳбатлашди.
Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи, профессор Фикрат Керимов, тажрибали мураббий Маъмур Рўзиев, юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Равшан Рўзиқулов ўқув-машғулот йиғинининг бориши, ҳар бир спортчининг имконияти, салоҳияти, хатти-ҳаракатлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ўз навбатида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги мутасаддилари мураббийлар ва мутахассисларга Осиё ўйинларининг аҳамияти, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитларга муносиб бўлиш, спортчиларнинг жисмоний ҳолатини кучайтириш билан бирга руҳий ҳолатини мустаҳкамлаш борасида зарур ишлар қилиниши юзасидан керакли кўрсатмаларни бериб ўтди.
Т.Рўзиев,
ЎзА