Маржона Пардабоева икки карра жаҳон чемпионига айланди
АҚШнинг Хантсвилл шаҳрида пара велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича ўтаётган жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Маржона Пардабоева ва Покиза Аҳмадбекова муваффақиятли одимламоқда.
Мусобақа дастурига мувофиқ, гуруҳ пойгаларининг аёллар ўртасидаги Т1 классида 27,6 километр масофага кечган баҳсда Маржона Пардабоева барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медалга сазовор бўлди. Шу тариқа, ҳамюртимиз ўз фаолиятидаги иккинчи жаҳон чемпионлигини расмийлаштирди. Ушбу йўналишда хитойлик Чуан Шици кумуш, чехиялик Павлина Вейводова бронза медалини қўлга киритди.
Шунингдек, H1 тоифасида 13,8 километр масофага ўтказилган гуруҳ пойгасида Покиза Аҳмадбекова финишга иккинчи бўлиб етиб келиб, шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.

Қайд этиш жоизки, ҳар икки спортчимиз чемпионатнинг аввалги кунида вақт пойгасида ҳам зафар қучган эди.
Жаҳон чемпионати бугун ўз якунига етади. Мусобақанинг сўнгги кунида Ўзбекистон шарафини Бунёд Ҳайтмуҳаммадов ҳимоя қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА