Мартда аҳоли коммунал хизматлар ҳамда гўшт ва сут маҳсулотлари қимматлашганини кўпроқ сезди
2026 йил март ойида Ўзбекистонда аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси февраль ойига нисбатан 0,5 фоиз бандга пасайиб, 11,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан ўтказилган сўровнома натижаларида маълум қилинди.
Сўров натижаларига кўра, март ойида айрим товар ва хизматлар нархи арзонлашгани кузатилди. Хусусан, мева-сабзавот маҳсулотлари, йўлкира ва ташиш хизматлари, шунингдек тухум нархларида пасайиш қайд этилди. Бироқ, гўшт ва сут маҳсулотлари, электр энергияси ва табиий газ, кафе ва ресторан хизматлари нархининг ошгани аҳоли томонидан энг кўп сезилган.
Ҳудудлар кесимида нархлар ўсиши энг юқори даражада Тошкент шаҳрида қайд этилди — 13,3 фоиз. Энг паст кўрсаткич эса Наманган вилоятида кузатилиб, у 10 фоизни ташкил этди.
Соҳа вакиллари орасида энг юқори сезилган инфляция ишлаб чиқариш соҳаси ходимлари томонидан қайд этилди — 13 фоиз. Ташиш хизматлари соҳасида фаолият юритувчи ходимлар эса инфляцияни нисбатан паст баҳолаб, 10,2 фоиз даражани кўрсатди.
Даромад даражаси бўйича таҳлиллар шуни кўрсатадики, ойлик даромади 7 миллион сўмдан юқори бўлган аҳоли қатламида сезилган инфляция республика ўртача кўрсаткичидан юқори шаклланган. Айниқса, даромади 30 миллион сўмдан юқори бўлган аҳоли гуруҳида инфляция даражаси 16,7 фоизга тенг деб баҳоланган.
Марказий банк сўровномаси натижаларига кўра, март ойида асосий турдаги товар ва хизматлар нархлари умумий ҳисобда ё арзонлашган, ёки сезиларли ўзгаришсиз қолган. Аммо коммунал хизматлар ҳамда гўшт ва сут маҳсулотлари нархининг ошиши аҳоли томонидан энг кўп сезилган омил сифатида қайд этилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА