Марра забт этилди, ҳосил ҳали мўл
Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги фермер хўжаликлари томонидан мўл ҳосил етиштирилиб, 33 минг 280 тоннадан ортиқ пахта хирмони бунёд этилди.
Туман пахтакорларининг эришган зафари бугун барчани беҳад мамнун этмоқда. Миришкор деҳқонлар ва мутахассисларнинг таъкидлашича, пахтачиликда бундай юқори ҳосилдорликка эришишнинг ўзи бўлмайди. Бунда билим, малака ва тажриба керак.
Туманда бу йилги деҳқончилик мавсумида 241 та фермер хўжалиги томонидан 9 минг 16 гектар ерда пахта етиштирилди. Тумандаги 64 та фермер хўжалигининг 442 та контурида, жами 1 минг 552 гектар ер майдонида томчилатиб суғориш технологияси татбиқ этилган. Бу албатта баракали ҳосил етиштиришда муҳим аҳамият касб этди. Деҳқончиликдаги илмий ёндашув ва агротехник тадбирларнинг ўз вақтида сифатли амалга оширилгани натижасида етиштирилган ҳосил тез фурсатда йиғиштириб олинди.

Пахта йиғим-теримини тизимли ташкил этиш бўйича 230 та терим отрядлари шакллантирилди. Уларга 18 минг 480 нафар теримчилар ихтиёрий равишда бириктирилди. Пахта хомашёсини йиғиб-териб олишда тумандаги “Мергантекс” ва “Кумуш калава” кластер корхоналари ҳамда пахта тозалаш корхоналари таркибидаги 3 та пахта қабул қилиш масканлари, улардаги ғарам(бунд) майдонлари, пахтани узатиш механизмлари, транспортёрлар, лаборатория жиҳозлари белгиланган стандартлар асосида ишлаши таъминланди.

“Мергантекс” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Сайёд” ҳудудида фаолият кўрсатувчи “Самад Бешим” ва “Дарғали” ҳудудидаги “Янгибой-Очил пахтакор” фермер хўжалиги далаларида томчилаб суғориш технологияси жорий этилиб, ҳосилдорлик 70 центнерни ташкил этди.
“Самад Бешим” фермер хўжалиги аъзолари 44,7 гектар майдонга чигит экди. Ўз вақтида олиб борилган агротехник тадбирлар туфайли хўжаликда мўл ҳосил етиштирилди. Пахта тўқимачилик кластери билан тузилган шартномага мувофиқ қабул масканларига юқори сифатли “оқ олтин” топширилди. Ҳали фермер хўжалиги далаларида ҳосил чўғи баланд. Йиғим-терим ишлари эса давом этмоқда.

– Томчилаб суғоришнинг пахта учун кони фойда эканлигини биз мана бу йил амалда исботладик, – дейди фермер хўжалик раҳбари Акбар Рустамов. – Пахтачиликдаги мисли кўрилмаган натижаларимизнинг бош сабаби ғўза парваришига илмий ёндашувдир.
Терим пули банк муассасалари томонидан дала бошида тарқатилгани, илғор теримчиларга 85 тоннадан ортиқ (“Мергантекс”-43 тонна, “Кумуш калава”-42 тонна) совға-саломлар, ёғ ва озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб рағбатлантирилиб борилгани элимизнинг ризқ-насибасини ўз вақтида, сифатли йиғиштириб олинишини таъминлади.
Натижалар эса қувонарли. “Сайёд”, “Маллаишайх”, “Чандиробод”, “Човли”, “Қораун”, “Янгибозор”, “Зиёрат” ва “Дарғали” ҳудудлари пахта сотиш шартномавий режасини вилоятда пешқадамлардан бўлиб бажарди. Бугун бошқа ҳудудлар ҳам астойдил ҳаракат қилмоқда. Далаларда қийғос очилган пахта кўзни қамаштиради. Ҳосил ҳали мўл.
Зариф Комилов, ЎзА