Мароқли ва сермазмун ёзги таътил
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жорий йилги ёзги соғломлаштириш мавсумида Наманган вилоятининг турли ҳудудларида 7 та шаҳар ташқарисидаги оромгоҳ, шунингдек, умумтаълим мактабларида ташкил этилган 67 та кундузги соғломлаштириш майдончалари фаолият олиб бормоқда. Мавсум мобайнида уларга жами 17 минг 800 нафар ўқувчи қамраб олиниши кўзда тутилган.
Вилоятнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар, жисмонан соғломлик ва баркамоллик омили бўлган спорт мусобақалари, интеллектуал баҳслар, маънавий-маърифий тадбирлар, топқирлик ва зукколик баҳслари ва беллашувлар билан мавсум жўшқин, қизғин ва оромбахш лаҳзаларга бой ташкил этилмоқда.
Эртанги кунимиз эгаларига қучоқ очган оромгоҳларнинг ҳар бирида бугун ана шундай қизғин фаолиятни кузатиш мумкин. Шаҳар ташқарисидаги оромгоҳлар ва мактаблардаги ёзги соғломлаштириш масканларида болаларнинг ҳар дақиқаси заковат баҳслари, турли қизиқарли машғулотлар, касб-ҳунар ва илм-фан йўналишидаги тўгараклар билан мазмунли ўтмоқда.
Хусусан, Наманган туманидаги 26-, 19-, Тўрақўрғон туманидаги 24-умумтаълим мактабида ташкил этилган соғломлаштириш майдончалари ҳамда Косонсой туманидаги “Соҳил” дам олиш масканининг ҳар бирида тафаккур баҳси ва замонавий интеллектуал билимларни чуқур ўрганиш, кашфиётлар ва ихтироларга чорловчи “Ёш ихтирочи”, “Ёш конструкторлар”, “Ёш эколог”, “Ёш зоолог”, ватанпарварлик туйғусини юксалтирувчи “Ёш ватанпарвар“, “Обод юрт мадҳи” шиори остида “Ўзбекистон – Ватаним маним”, “Юртим жамоли”, “Маҳаллам - отам, онам” мавзуларида эркин ижодий ишлар танловлари, “Ўзбекистоннинг етти мўъжизаси” шиори остида расмлар танлови, 5 та муҳим ташаббус доирасида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Шунингдек, кутубхоналар фаолияти ҳамда “Ёш ижодкор “, “Ёш китобхон” каби танлов ва баҳслар, турли соҳалар вакиллари, таниқли шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, Халқ таълими бошқармаси томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари каби қатор жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган маънавий-маърифий анжуманлар ўқувчи-ёшларнинг таътил онларига янада мазмун бахш этиб, уларни маънавий етуклик ва комилликка ундамоқда.
[gallery-7664]
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат),ЎзА