Маркировка коди текширилмаса, товар сотилмайди
Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. Энди маркировкаланган товарларни реализация қилиш жараёнида электрон ҳисобварақ-фактура ва онлайн назорат-касса чеклари автоматик тарзда текширилади. Бу механизм товарлар айланмасининг шаффофлигини таъминлаш, қалбаки ва сифатсиз маҳсулотлар бозорга чиқишининг олдини олиш ҳамда тадбиркорлар учун ягона назорат тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Мамлакатимизда товарлар айланмасининг шаффофлигини таъминлаш, истеъмолчиларни сифатсиз ва қалбаки маҳсулотлардан ҳимоя қилиш мақсадида рақамли маркировкаланган товарларни реализация қилиш жараёнида автоматик текширув (валидация) механизми жорий этилган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Мазкур тизим электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ) ҳамда онлайн назорат-касса техникаси (ОНКТ) чекларини расмийлаштириш вақтида автоматик тарзда ишлайди ва товар тўғрисидаги маълумотларни белгиланган талаблар асосида текширади.
Хусусан, тизим маркировка коди ҳужжатда мажбурий тарзда акс эттирилгани, унинг такрорланмагани, ҳақиқийлиги ҳамда рақамли маркировка ахборот тизимида мавжудлиги, МХИК коди билан мувофиқлиги, товар миқдорининг маркировка кодлари сонига мослиги, товарнинг реализация қилаётган субъектга тегишли экани ва белгиланган тартибда кирим қилинганини назорат қилади.
Шунингдек, товарни сотиш учун зарур лицензия ёки рухсат этувчи ҳужжатнинг мавжудлиги, маҳсулотнинг яроқлилик муддати, чакана савдо субъектида 2D-сканер қурилмаси борлиги ҳамда тадбиркорлик субъектининг «Асл белгиси» ахборот тизимида рўйхатдан ўтгани ҳам автоматик тарзда текширилади.
Автоматик текширув натижасида талабларга номувофиқлик аниқланса, электрон ҳисобварақ-фактура ёки онлайн назорат-касса чекини расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.
Бундай ҳолатларда хатолик турига қараб маркировка коди, МХИК ёки товар миқдорига оид маълумотларни тўғрилаш, товарни кирим қилиш ҳужжатларини расмийлаштириш, лицензияни расмийлаштириш ёки янгилаш, «Асл белгиси» ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш, зарур ҳолларда эса товар етказиб берувчига мурожаат қилиш талаб этилади.
Мазкур автоматик текширувлар рақамли маркировка тизимининг ишончлилигини ошириш, товарлар ҳаракатининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қалбаки, такроран муомалага киритилган ва белгиланган талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотлар бозорга чиқишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, рақамли маркировка масалалари бўйича тадбиркорларга тезкор амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали фаолият юритувчи «Рақамли маркировка билан ишлаш» сервиси йўлга қўйилган. Ушбу сервис орқали Ҳудудлараро солиқ инспекцияси билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконияти мавжуд.
Келиб тушган мурожаатлар уч иш куни давомида кўриб чиқилади. Шунингдек, солиқ тўловчилар кўрсатилган хизмат сифатига баҳо беришлари мумкин. Паст баҳо олган мурожаатлар эса раҳбарият томонидан алоҳида назоратга олинади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА