Марказий Осиёда сув сиёсати янги босқичга чиқмоқда: Тўқтоғул бўйича ёзги жадвал расман тасдиқланди
Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш масаласига кейинги йилларда фақат экологик ёки қишлоқ хўжалиги муаммоси эмас, балки минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий барқарорликнинг асосий омили сифатида қаралмоқда.
Айниқса, иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва энергия истеъмолининг ортиши шароитида давлатлар ўртасидаги сув дипломатияси янги босқичга чиқмоқда. Шу нуқтаи назардан, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида ёзги мавсум бошида суғориш сувини етказиб бериш жадвалларининг расман тасдиқлангани минтақавий ҳамкорликдаги муҳим сиёсий-иқтисодий воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Тошкент шаҳрида уч давлат сув-энергетика идоралари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича уч томонлама баённома имзоланди. Ушбу ҳужжат орқали яқин икки ой учун Тўқтоғул сув омборидан сув чиқариш ҳажмлари ва режимлари аниқ жадвал асосида келишиб олинди.

Мутахассислар фикрича, сув тақсимоти бўйича жадвалнинг олдиндан эълон қилиниши фермерлар, сув хўжалиги ташкилотлари ва энергетика тизими учун прогноз қилиш имкониятларини кенгайтиради, вегетация мавсумидаги хавф-хатарларни камайтиради.
Учрашувда қатнашган томонлар жанубий ҳудудларни суғориш суви билан барқарор таъминлаш устувор вазифа эканини таъкидлади. Шу билан бирга, келишув нафақат сув тақсимоти, балки минтақа давлатлари ўртасидаги ишонч ва ўзаро мувофиқлашув механизмини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кейинги йилларда Марказий Осиёда сув-энергетика мувозанатини таъминлаш давлатлараро муносабатларнинг энг долзарб йўналишларидан бирига айланган.

Маълум қилинишича, мазкур келишувдан аввал ҳам мавсумлараро мувофиқлаштириш ишлари олиб борилган. Хусусан, Қозоғистон томони Қирғизистонга электр энергияси етказиб берган. Бу эса Тўқтоғул сув омборидаги сув захираларини қишки энергетик эҳтиёжлар учун ортиқча сарфламасдан, асосан ёзги суғориш даври учун сақлаб қолиш имконини яратган. Экспертлар бу механизмни “сув – энергетика алмашинуви” модели сифатида баҳолаяпти.
Шунингдек, уч давлат идоралари раҳбарларининг навбатдаги учрашуви июнь ойи ўрталарида Бишкек шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. Унда июль-сентябрь ойлари учун сув етказиб бериш ҳажмлари ва янги жадваллар келишиб олинади.
Таҳлилчиларга кўра, бу каби келишувлар келажакда Марказий Осиёда ягона сув-энергетика макони шаклланиши учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Чунки сув ресурсларини мувофиқлаштирилган тарзда бошқариш нафақат қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширади, балки минтақа иқтисодий барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА