Марказий Осиё халқаро институтида навбатдаги учрашув
Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIКA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жемалеттин Туней билан учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида МОХИ ва ТIКA ўртасида алоқа ўрнатиш ҳамда ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорлик қилиш истиқболи муҳокама қилинди.
Учрашув давомида мартабали меҳмонга Институтнинг мақсад, вазифалари, фаолияти, муассасада амалга оширилаётган ишлар, хорижий ҳамкорлар билан ўтказилаётган қўшма тадбирлар хусусида маълумот берилди.
Ўз навбатида Ж.Туней икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли эришилган Ўзбекистон ва Туркия муносабатининг юқори босқичидан мамнунлигини билдирди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиёда сиёсий вазиятни тубдан яхшилаш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, яқин дўст ва яхши қўшничилик анъаналарини шакллантиришдаги минтақавий курсини юқори баҳолади.
Томонлар минтақавий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.
ЎзА