
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ташкил этилганлигининг 100 йиллиги муносабати билан “Марказий Осиёнинг глобал экологик ва сув муаммоларини ҳал қилишда илмий ёндашувлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Унда таъкидланганидек, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг фаолияти 1925 йилда Ўрта Осиёда ягона бўлган Гидротехника тажриба-тадқиқот институтини ташкил этишдан бошланган. Турли даврларда турлича номланган бу илмий даргоҳ минтақадаги сув хўжалиги илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш муассасалари ўртасидаги энг юксак илмий ишлаб чиқариш базасига эга бўлган салоҳиятли муассасага айланди.
Бу ерда жуда катта мактаб яратилди. Кўплаб олимлар, илм аҳли етишиб чиқди. 2018 йилда Президентимизнинг қарорига асосан институт вазирлик таркибига ўтказилди. Институт биноси қайта таъмирланиб, лаборатория базалари замонавий асбоб-ускуна ва анжомлар билан жиҳозланди, лабораториялари кенгайтирилди, Қорақалпоғистон Республикаси филиали минтақавий марказ сифатида, Сув хўжалиги муҳандислик маркази ҳамда Сувни тежайдиган технологиялар илмий-тадқиқот консалтинг марказлари қайта ташкил этилди.
Хоразм, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё минтақавий марказлари янгидан шакллантирилди. Мана шу жараёнда илм ва ишлаб чиқариш узвийлигини таъминлаш ҳам диққат марказида бўлди. Ҳозирги кунда институтда 94 нафар таянч докторант, 3 нафар докторант ва 10 нафар мустақил изланувчи илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланмоқда. Сув хўжалиги соҳасида илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда илм-фан ютуқларини жорий қилиш бўйича 28 та мавзу юзасидан 7.3 млрд сўмлик лойиҳалар, шундан Республика давлат илмий-техник дастурлари доирасида 8 та амалий, инновация ва фундаментал, 30 та илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишлари амалга оширилмоқда.
Тадбирда Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов сўзга чиқиб, ушбу институт нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё республикалари учун қадрдон илмий даргоҳ эканини алоҳида таъкидлади.
Халқаро илмий-амалий конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқаро ташкилот вакиллари, Россия, Хитой, Марказий Осиё республикаларидан, умуман 20 дан зиёд хорижий давлатлардан сув соҳасидаги илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари, олимлар сўзга чиқди.
Юртимизда сув хўжалиги тизими 20 асрнинг 20-йилларидан бошлаб эски суғориш тармоқларини тиклаш, янгиларини қуриш, суғориладиган янги ерларни ўзлаштириш (Мирзачўл, Далварзин, Қумқўрғон даштлари, Жиззах чўли, Қизилқум чеккаси) ва унинг сув таъминоти, хўжаликлараро суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини қуриш ишлари билан боғлиқ ҳолда шаклланди. Сув истеъмолчиларига ўз вақтида ва керакли миқдорда об-ҳаёт етказиб бериш мақсадида кўплаб канал, гидроузел, гидротехника иншоотлари, сув омборлари, доимий насос станциялари, коллектор-дренаж тармоқлари қурилди.
[gallery-23979]
Мана шу жараёнларда ҳозирги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти муносиб ҳисса қўшган ва соҳанинг илмий салоҳиятини ошириш йўлида хизмат қилиб келмоқда.
- БМТ Тараққиёт дастури йиллар давомида Ўзбекистонда фаолият юритиб келмоқда ва сув масаласи мамлакатда барқарор ривожланиш ҳамда тараққиёт учун энг муҳим муаммолардан бири ҳисобланади, - дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фудзии. – Шу сабабли биз Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти билан ўрнатилган яқин ҳамкорлигимизни жуда қадрлаймиз.
Айниқса, Тошкент вилояти Оққўрғон туманида (Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликдаги EU-AGRIN лойиҳаси доирасида) Институтнинг етакчи мутахассисларидан иборат инновацион гуруҳи томонидан амалга оширилган бир лойиҳа алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу лойиҳа доирасида тумандаги маҳаллий аҳолининг ўз хонадонидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдаги сув муаммоси ижобий ҳал этилди.
“Марказий Осиёнинг глобал экологик ва сув муаммоларини ҳал қилишда илмий ёндошувлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда институтнинг фаолияти эътироф этилиб, соҳа олимларининг маърузалари тингланди.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/BF1BKUDLuhc?si=eElzOA6E15dvpmwy" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА