Нукус шаҳрида “Марказий Осиё педагоглари – бир минтақа, бир овоз, бир куч” шиори остида Марказий Осиё педагоглари халқаро форуми бўлиб ўтди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ЮНЕСКО ҳамда ЮНИСЕФ халқаро ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур форумда Марказий Осиё давлатлари (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон) таълим вазирликлари, хусусан Озарбайжон ва Туркия давлатлари таълим тизими ходимлари, педагоглар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Халқаро форум Марказий Осиё давлатлари ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, педагоглар учун тажриба алмашиш платформасини яратиш ва минтақавий таълим тизимини ривожлантириш мақсадига қаратилди.
Форумнинг очилиш маросими ҳамда ялпи йиғилиш тадбири Нукус шаҳрида жойлашган “Оқ қуш” мажмуасида бўлиб ўтди. Унда сўз олган мамлакатимиз ҳамда Марказий Осиё давлатлари таълим соҳаси раҳбарлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари форумнинг аҳамияти ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришдаги ўрни хусусида сўз юритди.
[gallery-25627]
Иштирокчилар учун “Экологик таълимда замонавий технологиялар” мавзусида семинарлар ташкил этилди. Унда экологик тарбия жараёнларига интерфаол методларни жорий этиш, рақамли платформалар ёрдамида болаларда табиатга онгли муносабатни шакллантиришнинг самарали ёндашувлари ҳақида фикр билдирилди. Иштирокчилар эътиборига видеодарслар, мобиль иловалар ва виртуал лабораториялар асосида ишлаб чиқилган янги методик ишланмалар намойиш этилди. Амалий қисмда педагоглар экологик тажрибаларни ташкил этиш бўйича интерфаол машғулотларда қатнашди.
Форум доирасида Тахтакўпир туманидаги “Қора теран” туристик марказида экологик ва этно маданий тадбирлар ташкил этилди. Иштирокчиларга Амударё атрофидаги экотизим хусусиятлари, чўл ва дашт ҳудудларидаги ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳақида кенг маълумот ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Тадбирнинг маданий қисмида анъанавий қорақалпоқ урф-одатлари асосидаги этно-маданий дастурлар намойиш этилди. Меҳмонлар миллий куй-қўшиқлар, рақслар ва ҳунармандчилик кўргазмаси орқали ҳудуднинг бой маданий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Шунингдек, Нукус шаҳридаги Президент мактабида замонавий ўқитиш методикаси бўйича шўъбалар йиғилиши ўтказилди. Тарихий музейларга ташриф ҳамда “Абадий дўстлик” мавзусидаги маданий дастур меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/pBLZrEgGKa4" title="Markaziy Osiyo pedagoglari xalqaro forumi yakunlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат ва видео), ЎзА