Марказий Осиё мамлакатлари сув муаммоларига биргаликда ечим изламоқда
Сув ресурсларини асраш, улардан оқилона фойдаланиш ва келажак авлод учун етарли сув захирасини сақлаб қолиш бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Аҳоли сонининг ўсиши, иқтисодиётнинг сувга бўлган эҳтиёжи ортиши ва иқлим ўзгариши минтақада сув ресурсларини биргаликда бошқаришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда Туркманистоннинг Аваза миллий туристик зонасида Марказий Осиё давлатлари вакиллари иштирокида ўтказилган галдаги мулоқот Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига бағишланди.
Учрашувда минтақада сув хавфсизлигини таъминлаш, сув ресурсларини биргаликда бошқариш ва сув соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топиш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, сув ҳисобини рақамлаштириш, маълумот алмашинувини яхшилаш ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш масалалари кўриб чиқилди. Қурғоқчилик ва тошқинлар хавфини пасайтириш, Оролбўйида экологик барқарорликни таъминлаш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Учрашувда сув, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги ўзаро боғлиқ экани қайд этилиб, ушбу соҳаларда мамлакатлар манфаатларига мос ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Муҳим мавзулардан яна бири Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш бўлди. 2027 йил январь ойидан Жамғармага раислик Ўзбекистонга ўтиши муносабати билан сув ресурсларини биргаликда бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш устувор вазифалар сифатида қайд этилди.
Сув хўжалиги вазирлиги ахборот хизматига кўра, учрашув якунида минтақада сув ресурсларини асраш, улардан самарали фойдаланиш ва мавжуд муаммоларни ўзаро келишув асосида ҳал этиш учун ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигига урғу берилган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА