Марказий банк қатор банк ва микромолия ташкилотларига жарима қўллади
Марказий банк томонидан молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳада шаффофликни кучайтириш ҳамда қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан тизимли назорат ишлари давом эттирилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чорагида «Шаффоф-молия» ва «Тезcоин» микромолия ташкилотлари ҳамда Uzum Bank фаолиятида ўтказилган текширувлар давомида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, микромолия ташкилотларида микроқарз ажратишда қарз юки бўйича белгиланган талабларга риоя этилмаган, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби бузилган, шартномаларда қонунчиликда назарда тутилган маълумотлар тўлиқ акс эттирилмаган ҳамда мижозларнинг кредит тарихи ҳақидаги маълумотлар кредит бюроларига ўз вақтида тақдим этилмаган.
Uzum Bank’да эса расмий веб-сайт орқали истеъмолчиларга тақдим этиладиган ахборот ҳажми бўйича талабларга амал қилинмагани, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби бузилгани, кредит тарихи маълумотлари кечиктириб юборилгани ва шартномаларни расмийлаштиришда қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этилмагани маълум бўлди.
Аниқланган қонунбузилишлар учун Марказий банк томонидан «Шаффоф-молия» микромолия ташкилотига — 201 миллион сўм, «Тезcоин» микромолия ташкилотига — 156 миллион сўм, Uzum Bank’ка — 215,5 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди.
Шунингдек, Ипотека банк фаолияти юзасидан келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, банк томонидан ҳам бир қатор қонунчилик талаблари бузилгани аниқланди. Жумладан, айрим ҳолатларда кредит тўловлари қарз олувчиларнинг банк карталаридан тўлов жадвалида белгиланган санадан олдин ечиб олинган. Шунингдек, шартномада назарда тутилмаган ҳолда маблағларни мижоз розилигисиз ечиб олиш, гаров реестрига оид маълумотларни белгиланган муддатларда расмийлаштирмаслик ва шартномаларни расмийлаштиришдаги камчиликлар ҳам қайд этилди.
Мазкур қонунбузилишлар учун Ипотека банкка нисбатан 105 миллион сўм миқдорида жарима санкцияси қўлланилди. Бундан ташқари, жорий йилнинг биринчи чорагида тижорат банкларининг ҳудудий филиаллари ва алоҳида бўлинмаларида «сирли мижоз» усулида назорат тадбирлари ҳам ўтказилди.
Назорат натижаларига кўра, айрим банкларда истеъмолчилар билан ишлашда ошкоралик, шаффофлик ва ахборотларни тўлиқ тақдим этиш бўйича қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этилмагани маълум бўлди. Шундан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан 14 та тижорат банкига нисбатан жами 681,5 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди. Энг йирик жарималардан бири Агробанкка — 255 миллион сўм, Ўзсаноатқурилишбанкка эса 119,5 миллион сўм миқдорида белгиланди.
Марказий банк таъкидлашича, молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, молия бозорида шаффофликни таъминлаш ҳамда қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини назорат қилиш бўйича ишлар изчил давом эттирилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА