Марказий банк май ойида 2 та банк ва 2 та микромолия ташкилотига жарима қўллади
Марказий банк ҳузуридаги Банк назорати қўмитаси 2026 йил май ойи давомида банк ва кредит ташкилотлари фаолиятига оид 8 маротаба йиғилиш ўтказиб, жами 36 та масалани кўриб чиқди.
Кўриб чиқилган масалаларнинг асосий қисми — 26 та — рўйхатга олиш ва рухсат бериш жараёнларига тегишли бўлди.
Бу доирада кредит ташкилотлари уставига ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш, микромолия ва факторинг ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш, аудиторлик малака сертификатларини бериш ҳамда тўлов ташкилоти лицензиясини вақтинча тўхтатиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Бу ҳолат молия бозорига кириш ва фаолият юритиш талаблари тобора қатъийлашаётганини англатади.
Йиғилиш кун тартибида 14 та масала тижорат банкларининг кузатув кенгаши ва бошқарув органлари таркиби, шунингдек, муҳим лавозимларга номзодлар кўриб чиқилди. Бу Марказий банкнинг банк тизимида корпоратив бошқарув сифати ва раҳбар кадрлар масъулиятини кучайтиришга қаратилган сиёсатини акс эттиради. Қўмита йиғилишларида 10 та масала кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолати билан боғлиқ ҳолатларни таҳлил қилишга қаратилди. Бунда ликвидлилик, капитал етарлилиги, пруденциал меъёрларга риоя этиш ҳамда инспекция текширувлари натижалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, молиявий хизматларни “regulatory sandbox” — “тартибга солиш қумдони” доирасида синовдан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бу механизм янги молиявий маҳсулотларни чекланган муҳитда синаб кўриш ва муваффақиятли натижалардан сўнг кенг бозорга жорий этиш имконини беради.
Инспекция текширувлари давомида қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этмаган 2 та банк ва 2 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.
Марказий банк ушбу ташкилотлар номини ошкор этмаган.
Бир сўз билан айтганда, май ойи якунлари Марказий банкнинг молия тизимида мувозанатли, аммо қатъий назорат сиёсатини олиб бораётганини кўрсатади. Бир томондан бозор иштирокчилари фаолиятини кенгайтириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш устувор бўлса, иккинчи томондан қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Бу эса Ўзбекистон банк-молия тизимининг барқарорлиги ва ишончлилигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА