Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилди
Марказий банк ҳузурида исломий молия соҳасини ривожлантириш, унинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Марказий банкнинг Исломий молия кенгаши ташкил этилди.
Мазкур кенгаш исломий банк хизматларини кўрсатувчи банклар, исломий молиялаштириш хизматларини амалга оширувчи микромолия ташкилотлари, Омонатларни кафолатлаш агентлиги ҳамда Марказий банк назорати остидаги бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган сифатида иш юритади.
Кенгаш таркиби ислом ҳуқуқи соҳасида чуқур билим ва тажрибага эга мутахассислар ҳамда техник экспертлардан иборат 5 нафар аъзони қамраб олади. Янги тузилма исломий молия тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, соҳада ягона ёндашувни шакллантириш ва амалиётга самарали татбиқ этишга хизмат қилади.
Кенгашнинг асосий вазифалари исломий молия стандартлари лойиҳаларини халқаро тажриба, жумладан, исломий молия бўйича халқаро стандартлар ҳамда миллий қонунчилик талабларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқишдан иборат.
Шунингдек, Марказий банкка исломий молия фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш масалалари бўйича хулоса ҳамда тавсиялар бериш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш, соҳада юзага келадиган баҳсли ҳолатлар юзасидан тушунтириш ва изоҳлар тақдим этиш керак.
Банклар ва микромолия ташкилотларига исломий молия хизматларини ташкил этиш юзасидан тавсиялар бериш, улар билан мунтазам маслаҳат учрашувларини ўтказиш зарур.
AAOIFI (Ислом молия муассасалари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти) йиғилишларида Марказий банк номидан иштирок этиш ҳамда зарурат туғилганда мазкур ташкилот томонидан ишлаб чиқилаётган ҳужжатлар лойиҳалари бўйича таклиф ва муносабатлар билдириш зарур. Шунингдек, Кенгаш ҳар йили Марказий банк бошқарувига ўз фаолияти юзасидан йиллик ҳисобот тақдим этади.
Мазкур кенгашнинг ташкил этилиши мамлакатда исломий молия хизматларини халқаро талаблар асосида ривожлантириш, инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш ва аҳоли ҳамда тадбиркорлар учун муқобил молиявий хизматлар кўламини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА