Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Жаҳолатга қарши – маърифат билан кураш!” ҳамда “Инсон қадри ва ҳуқуқларининг устуворлиги – тараққиёт пойдевори” мавзуларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда филиалнинг биринчи босқич талабалари иштирок этди. Мулоқотга Дин ишлари бўйича қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси вакиллари, республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлимининг тарғибот гуруҳи аъзолари маъруза қилиб, ёшларни турли зарарли оқимлардан ҳимоя қилиш, уларда мустақил фикрлаш ва соғлом дунёқарашни шакллантириш зарурлигини таъкидладилар.
Таъкидланганидек, маърифат – нафaқaт инсон онгини юксалтиради, балки жаҳолатни енгишнинг энг самарали йўли ҳисобланади. Бундай учрашувлар ёшларга билим ва маълумот бериш билан чекланиб қолмай, балки ҳаётий қарорлар қабул қилишда ишончли таянч бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Самимий савол-жавоблар билан бойиган мулоқотда талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан мутахассислардан атрофлича жавоб олишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири