“Маърифат карвони”нинг навбатдаги манзили Самарқанд бўлди
Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари Самарқандда ҳам юқори савияда ташкил этилди.
Дастлаб Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида “Янги Ўзбекистонда маънавий, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусида зиёлилар форуми ўтказилди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, улуғ аждодларимиз меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, ёшларни юксак инсоний, ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритди.
[gallery-20814]
– Мазкур тадбир олим, зиёли, санъат ва маданият намоёндалари, маънавий-маърифий ишларга масъуллар, маҳалла фаоллари ҳамда илғор ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, мамлакатнинг миллий мафкура йўналишидаги ислоҳотлари, жамиятни, айниқса, ёшларни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилмоқда, – деди Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов. – Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатининг 18-20 ноябрь кунлари ўтказилган мажлисларидаги нутқлари мазмун-моҳияти, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнларини зиёлилар орқали халқимизга етказиш ва тушунтиришни кўзлаганмиз.
Лойиҳа доирасида вилоятнинг туман ва шаҳарларида “Янги Ўзбекистон – ислоҳотлар фалсафаси” номли анжуман, фаол йигит-қизлар иштирокида “Замонавий ёшлар – тараққиёт драйвери” мавзусида илм-фан ва инновацияларга бағишланган маҳорат дарслари, шунингдек, “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоб-альбоми тақдимоти ўтказилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари