Навоийда Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусида илмий-маърифий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди.
Олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, олимлар, маънавият тарғиботчилари, санъаткор, киноижодкорлар, талаба ва ўқувчи-ёшлар иштирок этган тадбирда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида ташкил этилган “Янги Ўзбекистон – Янги ренессанс пойдевори” мавзусидаги илмий-маърифий форумда Ислом цивилизацияси маркази, марказ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, видеофильм намойиш этилди.

– Бугунги кунда юртдошларимизнинг онги ўзгармоқда, Ватан олдидаги масъулияти ошмоқда, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тўлқин Ҳайит. – Бизнинг мақтанишга арзигулик тарихимиз бор. Биз жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган аждодлар авлодимиз. Бугун юртимизда аждодларга муносиб фарзандлар тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтказилаётган “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги илмий-маърифий тарғибот тадбирлари ҳам айнан шу мақсадга хизмат қиладиган лойиҳалардан биридир. Юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа, ҳар бир қилинаётган ишлар ўз ижобий самарасини беради ва юрт истиқболига хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида Навоий шаҳридаги ҳарбий қисмда “Тирик тарих” мавзусида аскар ва ҳарбий хизматчилар билан учрашув бўлиб ўтди.
Киноижодкорлар билан ўтказилган учрашув давомида миллий кинофильмлар намойиш этилди.

Пойтахтдан ташриф буюрган меҳмонлар иштирокида вилоятдаги олий таълим муассасаларида “Олимлар ва ёшлар учрашуви”, “Бир мақсад” лойиҳаси доирасида сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш мақсадида корхона, идора ва ташкилотларда “Маърифат соатлари”, Навоий шаҳридаги Алишер Навоий истироҳат боғида “1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан болалар иштирокида “Инсон қадри” лойиҳаси, маҳаллаларда “Фаровон ҳаётга илк қадам” лойиҳаси доирасида тадбирлар ўтказилди.
Бир сўз билан айтганда, “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирларда барча аҳоли қатлами фаол иштирок этди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири