
Юртимиз бўйлаб “Маърифат карвони” лойиҳаси асосида ўтказилаётган “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги илмий-маърифий тарғибот тадбирлари Самарқандда давом этди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган лойиҳа доирасида Самарқанд давлат университетида талабалар ва ёш тадқиқотчилар иштирокида “Ижтимоий ғоялар” форуми ҳамда “Олимлар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Бобур Бобомурод юртимизда таълим, илм-фанни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, соҳа вакилларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, айниқса, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритдилар. Илмнинг завқли машаққати таниқли олимлар, фан арбоблари фаолияти мисолида таҳлил қилинди.
[gallery-23986]
Шунингдек, тадбирларда ёшлар ўз стартaп ғоялари, ташаббусларини билдирди, олимлардан тавсия ва маслаҳатлар олди.
Ўзбекистон-Финландия педагогика институтида ўтказилган “Янги Ўзбекистон – янги ренессанс пойдевори” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирда Учинчи ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган бугунги ислоҳотлар ва уларнинг самаралари ҳақида сўз борди.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида Ўзбекистонда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази мазмун-моҳиятига бағишланган семинар-тренингда марказнинг тарихий, маданий ва маърифий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
“Маърифат карвони” тадбирлари туманлардаги маҳаллалар, корхоналарда ҳам ўтказилди. Жумладан, Оқдарё туманида жойлашган “Jeans Tekstile” масъулияти чекланган жамиятида “Бир мақсад” лойиҳаси доирасида корхона ишчи-ходимлари билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда тинчлик қадр-қиммати, оилаларни мустаҳкамлаш ва ёшлар таълим-тарбияси ҳақида сўз борди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Зулфия Мўминова ўзининг янги шеърларидан ўқиб берди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова эса мумтоз қўшиқлардан ижро қилди.
Пойтахтдан келган ижодкорлар Самарқанд вилояти ёшлари фестивалида ҳам қатнашди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари