Марғилондан дунёга таралган атлас жозибаси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида “Атлас байрами” VII халқаро анъанавий тўқимачилик фестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Уч кун давом этган фестиваль миллий ҳунармандчилик, анъанавий тўқимачилик санъати ва замонавий дизайн йўналишларини қамраб олди. Унда дунёнинг 40 га яқин мамлакатидан ташриф буюрган ҳунармандлар, дизайнерлар, экспертлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тантанали маросимда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабин Махл, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, хорижий давлатлардан келган ҳунармандлар, дизайнерлар, санъат намояндалари, соҳа мутахассислари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев фестиваль миллий қадриятлар, анъанавий ҳунармандчилик, ижодий изланишлар ва халқаро ҳамкорликни ўзида мужассам этган муҳим маданий тадбирга айланганини таъкидлади.
Фестиваль турли мамлакатлар вакилларини бир майдонда жамлаб, миллий тўқимачилик санъатини асраб-авайлаш, уни замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштириш ва маданиятлараро мулоқотни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, усталар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва улар маҳсулотларини халқаро бозорларга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар натижасида ҳунармандчилик соҳаси аҳоли бандлиги ва даромадларини таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бирига айланиб бормоқда.
Айни пайтда Фарғона вилоятида 3 мингдан зиёд “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси фаолият юритмоқда.
Қўқон шаҳри ҳунармандчилик, Риштон кулолчилик, Марғилон эса атлас ва адрас тўқиш анъаналари билан мамлакатимиз миллий маданиятининг ўзига хос марказлари сифатида танилган. Ушбу ҳудудларда ўтказилаётган халқаро фестиваллар ҳудуднинг бой маданий мероси ва миллий ҳунармандчилик салоҳиятини кенг тарғиб этиш, маҳаллий усталарнинг хорижий ҳамкасблари билан алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ёпилиш маросимида миллий ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандлар маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Фестиваль учун “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг танлангани тадбир мазмун-моҳияти билан уйғунлашди. “Водий гавҳари” сифатида эътироф этилаётган мазкур мажмуа миллий маданият, маърифат, ҳунармандчилик ва сайёҳлик салоҳиятини намоён этувчи муҳим масканлардан бирига айланиб бормоқда.
Тадбирда сўз олган БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабин Махл фестиваль халқаро аҳамияти, миллий маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда бундай тадбирларнинг ўрни ҳақида тўхталди.
Ўзбекистон ҳукумати ва фестиваль ташкилотчиларига миннатдорлик билдирилиб, миллий ҳунармандчилик ва маданий меросни асраб-авайлаш, анъаналарни келгуси авлодларга етказишга қаратилган ташаббусларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Шундан сўнг фестиваль доирасидаги танловларнинг халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзолари таништирилиб, қатор номинациялар бўйича ғолиблар эълон қилинди ва муносиб тақдирланди.
Тантанали маросимда эл суйган санъаткорлар ижросидаги дилбар қўшиқлар янгради, турли халқларнинг миллий рақслари намойиш этилди. Ранг-баранг чиқишлар тадбир иштирокчилари ва меҳмонларга кўтаринки кайфият бағишлади.
[gallery-31522]
Миллий ҳунармандчилик, санъат ва халқаро ҳамкорликни ўзида мужассам этган “Атлас байрами” VII халқаро анъанавий тўқимачилик фестивалининг тантанали ёпилиш маросими ёрқин мушакбозлик билан якунланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА