Мардлик, жасурлик ва садоқат унутилмайди
Майор Гулнора ХОДЖАМУРОТОВА, Мудофаа вазирлиги “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти бўлим бошлиғи:
Майор Гулнора ХОДЖАМУРОТОВА, Мудофаа вазирлиги “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти бўлим бошлиғи:
– Президентимиз – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан янги барпо этилган “Ғалаба боғи”да Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган, фронт ортида туриб, ғалабага муносиб ҳисса қўшган халқимизга байрам табриги йўллади.
Албатта, бу табрикда эътибор қаратиладиган жиҳатлар талайгина. Хусусан, оналаримизнинг, аёлларимизнинг жасорати, садоқати ва халқимизга хос матонати давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътироф этилди. Янги боғнинг марказида бунёд этилган “Матонат мадҳияси” муаззам обидаси давлатимиз раҳбари томонидан барча Ўзбекистон оналарига атаб қўйилган ҳайкал эканлигини, бу она Ватан рамзи бўлиб қад ростлаганини таъкидлаб ўтди. Обидага эътибор берган бўлсангиз, уларнинг нигоҳида ўша садоқатнинг ялт-ялт этиб ёниб турганини кўрасиз.
Ҳарбийларда садоқат тушунчаси мен учун жуда муҳим ва қадрлидир. Бу туйғу нафақат бизнинг касбимизда, балки ҳар бир инсон қалбида алоҳида меҳр-муҳаббат билан қадрланади. Президентимиз бошчилигида даҳшатли уруш туфайли беш ўғлидан айрилиб, умрининг охиригача фарзандларига илҳақ бўлган она – Зулфия ая Зокирова ва ундан ўрнак олган келинлари садоқатига юксак ҳурмат кўрсатилди. Мана шу воқеанинг ўзи ҳам она Ватанимизга, меҳнаткаш халқимизга садоқат билан хизмат қилишимиз ҳеч қачон унутилмаслиги исботидир.
Полковник Шуҳрат ЮСУПОВ, Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи:
Биз тарихдан яхши биламизки, Иккинчи жаҳон уруши йилларида ор-номусини, ғурурини, шаънини ва қалбини сақлаб қолган миллатлар жуда кўп эмас. Лекин ўзбек халқи ўша оловли йилларда умумий мақсад – Ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш билан бирга такрорланмас қаҳрамонликлар ҳам кўрсата олди. Халқимизнинг жасорати, матонати ва жасурлиги нафақат ўз қуролдошлари, балки фашистлар армияси томонидан ҳам ўзига хос тарзда “эътироф” этилди.
Ўша жанггоҳларда юксак қаҳрамонлик кўрсатган ота-боболаримиз боши учун катта-катта мукофот пуллари ваъда қилинди. Аскарларининг кўзини очирмайдиган, кўнглига даҳшатли ғулғула соладиган, номини эшитса, танаси бўшашиб, тиззасида қалтироқ турадиган бўлиб қолган қўшин ҳолидан, албатта, ҳар қандай саркарда ва қўмондон хавотирга тушади. Бироқ мардлик ҳадисини олган ватандошларимизни мавҳ этиш улар учун армон бўлиб қолган.
Президентимиз Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасурлик намунасини кўрсатган халқимиз ҳақида гапирар экан, беихтиёр юқоридагилар хаёлимни банд этган эди. Ҳа, инсон шаъни ва қадр-қиммати бебаҳо бўлган бу юртда мардлик ана шундай қадрланади.
Майор Толиб РАЖАБОВ, Қуролли Кучлар академияси катта ўқитувчиси:
Шу нарсани айтиб ўтишни истардимки, давлатимиз раҳбари ўтган йилги табригида инсониятни чексиз азоб-уқубатларга гирифтор этган XXI аср фожиаси дея эътироф этиладиган Иккинчи жаҳон урушида халқимиз кўрсатган қаҳрамонликлар, юксак жасорат ва чин инсоний фидойилик акс этган тарихий ҳақиқатни тиклаш тўғрисида гапирган эди. Мана, орадан роппа-роса бир йил вақт ўтиб, ўша ҳақиқат тикланди.
“Ғалаба боғи” ўша ҳаққоний тарихни ўзида мужассамлаштирган улкан мажмуага айланди. Бу, албатта, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган мард, жасур ота-боболаримиз, фронт ортида мардонавор матонат кўрсатган жафокаш халқимизга бўлган юксак ҳурматдир.
Олий Бош Қўмондонимиз байрам табригида инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғин – Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 75 йил тўлган бўлсада, афсуски, ер юзининг турли бурчакларида, жумладан, минтақамизга яқин ҳудудларда давом этаётган қарама-қаршилик, қонли тўқнашувларга ҳам тўхталиб ўтди.
Шу сабабли доимо ҳушёр ва огоҳ бўлмоғимиз, мустақиллигимизни мустаҳкамлаб, Ватанимиз қудрати, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини янада юксалтириб боришимиз зарурлигини таъкидлади. Албатта, бу мустақил Ўзбекистон армияси сафларида хизмат қилаётган ҳар бир аскар, ҳар бир офицер учун тааллуқлидир. Бундан ҳаммамиз ўзимизга тегишли хулоса чиқаришимиз зарур.