Мардлар бор, тинчликка етмагай хатар...
Тадбирнинг бадиий қисми таниқли санъат намоёндалари, моҳир ижрочиларнинг қўшиқ ва рақслари билан ёрқин таассурот қолдирди.
Ички ишлар вазирлиги академиясида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда таълим фидойилари, давлат ва жамоат ташкилотларидан вакиллар, ички ишлар органлари фахрийлари, шунингдек соҳа меҳнат қилаётган ходимлар ва курсант ёшлар иштирок этди.
Ҳа, Ватан инсон учун энг муқаддас, азиз гўша. Киндик қонимиз тўкилган, аждодларимиз мангу қўним топган мўътабар заминни ҳар қанча қадрласак, асраб-авайласак, мадҳ этсак, шунча оз. Боболаримиз “Ватанни севмоқ – иймондандир!” дея бежиз айтишмаган. Ор-номуси метин, виждони пок, шижоати баланд киши борки, юртини севиб ардоқлайди, унга сидқидилдан хизмат қилади, ёт кўзлардан ҳимоялайди. Шу боис, она Ватан йўлидаги хизмат – энг олий, энг шарафли вазифа саналади.
Байрам тадбирида Академия бошлиғи,генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов барчани муборакбод этиб, муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, чегараларимиз дахлсизлигини сақлаш, фуқароларимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида гапирди.
– Ҳар йили 14 январь санасини Қуролли Кучларимиз ташкил топган кун ҳамда Ватан ҳимоячилари байрами сифатида тантана қиламиз, – деди Б.Матлюбов. – Айтиш керакки, ушбу айёмнинг мазмун-моҳияти йилдан-йилга тарихий аҳамият касб этиб, халқимиз маънавий ҳаётидан мустаҳкам ўрин олмоқда. Бунинг замирида энг аввало тизимда амалга оширилаётган улкан янгиланишлар мужассам, десак муболаға бўлмайди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш ёшларимиз учун шарафли вазифага айланди.
Таъкидлаб ўтилганидек, замонавий таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий-ахлоқий сифатларини юксалтириш, истеъдоди ва ижодий қобилиятларини қўллаб-қувватлаш, бой тарихимиз, буюк аждодларимизнинг улкан мероси, маънавий жасорати ва ибратли ҳаётини ўғил-қизларга ибрат намунаси сифатида кўрсатиш, таълим тизимини такомиллаштириш орқали ҳар томонлама етук мутахассислар тайёрлаш, бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда кечаётган янгиланишларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш каби муҳим масалалар юзасидан алоҳида тўхталиб ўтилди.
Байрам муносабати билан фаол,фидоий ва ташаббускор ходимлар ҳамда тингловчи-курсантларга фахрий ёрлиқ, турли қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди. Шунингдек,тадбир қатнашчиларининг яна бир гуруҳи “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Фахрий ёрлиқлари билан ҳам тақдирланди.
– Ички ишлар органлари сафида хизмат қилиш шарафли ва шу билан бирга масъулиятлидир, – дейди капитан Юсуф Рустамов. – Байрам муносабати билан эл-юрт тинчлиги йўлидаги хизматларимизнинг эътироф этилиши шижоатимизга янада куч ва ғайрат бағишлайди. Албатта, Ватан ҳимоячилари куни нафақат ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, балки шу заминда яшаётган барча юртдошларимизнинг байрамидир. Чунки Ўзбекистонимизни турли таҳдид ва хатарлардан ҳимоя қилиш, равнақига ҳисса қўшиш – ҳар биримизнинг муқаддас вазифамиз бўлмоғи керак.
Тадбирнинг бадиий қисми таниқли санъат намоёндалари, моҳир ижрочиларнинг қўшиқ ва рақслари билан ёрқин таассурот қолдирди.
Байрам шукуҳи Академия ўқув полигонида ташкил этилган қасамёд қабул қилиш тантаналарига уланиб кетди. Шу куни таълим муассасасининг Касбий тайёргарлик факультети тингловчилари хизмат бурчини виждонан ва ҳалол бажариб, халқимиз, Президентимизга содиқ бўлишга қасамёд қилдилар. Ўқув даргоҳи раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, тингловчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этган тадбирда сўзга чиққанлар ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимидаги туб ислоҳотлар,ўқув жараёнига татбиқ этилаётган замонавий ёндашувлар ва хорижнинг илғор тажрибаларини ўрганиш, тингловчиларнинг касбий ҳамда маънавий-ахлоқий фазилатларини шакллантириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапириб ўтишди.
Академия бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов тингловчиларни қутлар экан, муқаддас юртимиз, бағрикенг халқимизга садоқат билан хизмат қилиш энг шарафли бурчимиз эканлигини, бунинг учун ёшларимиз замонавий билимларни пухта эгаллаб, касбий маҳоратларини ошириб боришлари, энг муҳими, Ватанимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашлари лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Шуни таъкидлаш жоизки, айни кунларда Академия ўқув полигонида 474 нафар тингловчи беш ва олти ойлик таълим дастури бўйича касбий тайёргарликдан ўтаётган бўлиб, якунда уларга “лейтенант” ҳамда “кичик сержант” махсус унвонлари ҳамда диплом берилиши назарда тутилган. Касбий тайёргарлик факультетини тамомлаган мутахассислар бугунги кунда мамлакатимиз ички ишлар органларининг турли соҳавий хизматларида муваффақиятли хизмат фаолиятини олиб бормоқдалар.
Жамшид ХОЛОВ,
катта лейтенант