Мард ўғлонлар жасорати ҳеч қачон унутилмайди
Фарғона вилоятида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оилаларидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.
2000 йил август ойида бир гуруҳ террорчилар Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманлари тоғли қишлоқларига бостириб кириб, тинчлик ва осойишталигимизга рахна солмоқчи бўлган эди. Ўшанда террорчиларга қақшатқич зарба берган, Ватан ҳимояси йўлида жонини фидо қилган мард ўғлонларимиз орасида марғилонлик Бобур Ғаниев ҳам бор эди.
Жангда у террорчиларга қақшатқич зарба бергани, ўзи ярадор бўлишига қарамасдан сафдошини қутқариб қолишга интилгани таҳсинга сазовор. Президентимизнинг фармонига кўра, Бобуржон Ғаниев II-даражали «Шон-шараф» ордени билан мукофотланган (вафотидан кейин). Унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Марғилон шаҳридаги ўзи таҳсил олган 13-умумтаълим мактабида бюсти ўрнатилиб, у яшаган кўчага номи қўйилган, хонадонига уй-музейи ташкил этилган.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, сектор раҳбарлари ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари марҳум Бобур Ғаниев хонадонида бўлди. Уни порлоқ хотираси ёдга олинди. Мунаввархон аяга мард ва жасур фарзанд тарбиялагани учун миннатдорлик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.
– Ватанимиз сарҳадларини мардонавор қўриқлаб, жонини фидо қилган фарзандим билан фахрланаман. Президентимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор учун миннатдормиз, – дейди Мунаввархон ая.
Ана шундай тадбир юртимиз ҳимояси йўлида жонини фидо қилган Фарғона шаҳрилик Дилшод Асанов хонадонида ҳам бўлиб ўтди.
“Ифтихор” маҳалла фуқаролар йиғинида туғилиб ўсган Дилшодбек Асанов бор меҳр-муҳаббатини, ҳаётини, тақдир йўлларини ўта масъулиятли ва шарафли иш бўлган ватан ҳимояси билан боғлади, ҳамиша эл-юрт ишончини оқлашга интилди. Сариосиё ва Узун туманларида террорчиларга қарши жангларда иштирок этиб, қаҳрамонлик кўрсатди. Тўқнашувлардан бирида мардларча ҳалок бўлди.
Халқимизнинг бундай ўтюрак фарзандлари хотираси мангуга муҳрланган. У туғилиб ўсган кўчага номи берилган. Ўқиган 25-умумтаълим мактабида бюсти ўрнатилган.
[gallery-2298]
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА