Мард ўғлонлар ёди мангу барҳаёт
Бухорода 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Бухоро шаҳридаги Хотира майдонида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотираси ёд этилди. Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйилди.
Унда кенг жамоатчилик вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, давлат ва нодавлат ташкилотлари масъуллари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Иккинчи жаҳон урушида Бухоро вилоятидан 73 минг 688 киши фашизмга қарши курашган. Жанггоҳларда 30 минг нафар бухороликлар қолиб кетган. Урушдан қайтганларнинг 5 минг нафаридан ортиғи жанговар орден ва медаллар билан мукофотланди. Бу қадимий юрт фарзандларидан 13 киши уруш Қаҳрамони, бир киши эса учала даражали “Шуҳрат” орденининг тўла кавалери унвонига сазовор бўлган.
Айни кунда вилоятда Иккинчи жаҳон урушида қатнашганларнинг 15 нафари ҳаёт.
Ғиждувон тумани "Миракон" маҳалла фуқаролар йиғини Миракон қишлоғида умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Баҳрон ота Эшов бу йил 98 баҳорни қарши олди. Баҳрон ота осойишта кунларга етганидан, давлатимизнинг эътиборидан мамнун эканлигини таъкидлади.
–Ҳеч қачон уруш бўлмасин. Юртимизнинг тинчлигига кўз тегмасин. Халқимиз бахтига Президентимиз омон бўлсин, – дейди отахон дуога қўл очиб.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
[gallery-7007]
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА