Мард ўғлонлар Ватанга қасамёд қилди
Мудофаа вазирлигининг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмларида муддатли ҳарбий хизматни ўташга чақирилган ўғлонларнинг тантанали Ватанга қасамёд қабул қилиш маросимлари бўлиб ўтмоқда.
Денов, Жарқўрғон ва Термиз туманларида жойлашган ҳарбий қисмларда бўлиб ўтган тантанали маросимларда ҳарбийлар, муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда карантин қоидалари кучайтирилгани муносабати билан тадбирда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок эта олмагани учун тантанали маросим ижтимоий тармоқ орқали тўғридан-тўғри трансляция қилинди.
Тадбирда Мудофаа вазирининг Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташга қасамёд қилган муддатли ҳарбий хизматчиларга табригини Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник Пўлатжон Сативалдиев ўқиб эшиттиргач, саф майдонида аскарлар тантанали қасамёд қилди.

Миллий армиямизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар асносида муддатли ҳарбий хизматга чақирув жараёнида очиқлик таьминланиб, энг билимли, соғлом ва жисмонан бақувват ёшларнинг саралаб олинаётгани уларнинг турли танлов ҳамда мусобақаларда муносиб ўрин эгаллашида муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳридан Хайрабод гарнизонига муддатли ҳарбий хизматга келган Саидаббос Ғофуров ҳам хизматини бошлаганига ҳали бир ой бўлмасдан Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи миқёсида ҳарбий қисм ва муассасалар ўртасида спортнинг сузиш тури бўйича Бухоро гарнизонида ўтказилган мусобақада фахрли биринчи ўринни эгаллади. Маросимда унга Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг I даражали дипломи ва медали тантанали топширилди.

– Бугун мен учун энг эсда қоларли кун бўлди, – дейди С.Ғафуров. – Она ватанни кўз қорачиғидек ҳимоя қилишга онт ичиб, қасамёд қабул қилдим. Шунингдек, яқинда Бухоро гарнизонида ўтказилган беллашувда сувда сузиш бўйича ғолиб бўлган эдим. Ушбу тадбирда ҳарбий ҳаётимдаги илк ютуғим ҳам муносиб рағбатлантирилди. Бундай эътибор мени спорт билан янада кўпроқ шуғулланиб, ютуқларимни мустаҳкамлаш ҳамда муддатли ҳарбий хизматни шараф билан ўташга ундади. Тантанали маросимларда муддатли ҳарбий хизмат бурчини бажаришга киришган ўғлонларга совғалар топширилди. Ҳарбий оркестр ва воҳа санъаткорлари ижросида куй-қўшиқлар янгради.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА