Марғилон ва Қўқон янада обод бўлади
Президентимиз 2019 йил 14 сентябрь куни Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қўқон ва Марғилон шаҳарларини комплекс ривожлантиришга хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича янги лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, уй-жойлар қурилиши ва бошқа йўналишларда зарур кўрсатма ва топшириқлар берган эди.
Президент ташрифидан сўнг...
Президентимиз 2019 йил 14 сентябрь куни Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қўқон ва Марғилон шаҳарларини комплекс ривожлантиришга хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича янги лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, уй-жойлар қурилиши ва бошқа йўналишларда зарур кўрсатма ва топшириқлар берган эди.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2024 йилларда Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда бу шаҳарларда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини модернизация қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, аҳоли бандлиги, даромадлари ва турмуш даражасини ошириш бўйича 5 йилга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилди.
2020-2022 йилларда Марғилон ва Қўқон шаҳарларида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати ҳам тасдиқланди. Унга кўра Марғилон шаҳрида 262 та, Қўқон шаҳрида 141 та лойиҳа амалга оширилади. Қўқон шаҳридаги «Shaffof omadli sanoat» масъулияти чекланган жамиятида юк ташувчи каралар ҳамда электромобиль ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Заводда йилига 2 минг дона электромобиль ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллион доллар, жумладан, 24 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициядир. Ҳужжатга кўра, электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш натижасида 300 та иш ўрни яратилади.
Мазкур шаҳарларда 231 та кўп квартирали уй-жойлар бунёд этилади, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш, ичимлик, оқова сув, газ, электр-энергия ва иссиқлик таъминотини яхшилаш чоралари белгилаб олинган. Шунингдек, ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда уларнинг моддий-техник таъминотини янада мустаҳкамлаш бўйича ҳам манзилли рўйхат ишлаб чиқилган.
Фарғона вилояти ҳокимлигида 2020-2024 йилларда Марғилон ва Қўқон шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бу борада маълумот берилди.
Мазкур лойиҳалар бўйича тақдимотлар ўтказилди. Масъулларга Марғилон ва Қўқон шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини вақтида ва сифатли бажариш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.