Мақсадимиз – профессионал кадрлар тайёрлаш
Бугунги кунда ҳарбийларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли ёшларимизнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқиши ортиб бормоқда.
Ҳарбий таълим муассасаларида ўтказилаётган ватанпарварлик руҳини тарғиб қилувчи амалий тадбирлар, ўз навбатида, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўзига хос намуна бўлмоқда. Ёш авлодда қатъий ҳаётий позиция, Ватанга бўлган садоқат туйғусини шакллантириш, ўрта мактабдан олий ўқув юртигача бўлган даврдаги узлуксиз ҳарбий таълим ва ватанпарварлик тарбияси бўйича яхлит тизим яратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида таъкидланганидек, биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак.
Мурожаатноманинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Қуролли Кучларимиз қудратини, қўшинларнинг профессионал ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳамда сўнгги йилларда республикамизда юз берган табиий ва техноген офатлар, куз-қиш мавсумида содир бўлаётган ёнғин ва бошқа кўплаб нохуш ҳолатлар бу борада мавжуд тизимни янада такомиллаштиришни тақозо этаётганлиги таъкидланди. Юртимизда барпо этилаётган кўплаб йирик объектлар ва баланд қаватли биноларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг янги тизимини ташкил этиш зарурлиги, шунингдек, соҳанинг моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини тубдан мустаҳкамлаш лозимлиги алоҳида қайд этилди. «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳамда тегишли муаммолар ечимига қаратилган Ҳукумат дастурини ишлаб чиқиш вазифалари белгилаб берилди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар академиясида ҳам барча йўналишларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, академияда таҳсил олаётган ёш курсантлар бир қатор тадбир, танлов ҳамда мусобақаларда муносиб қатнашиб, совринли ва фахрли натижаларга эришиб келмоқда.
Жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йил 6 декабрь куни пойтахтимизда «Тошкент халқаро марофони» ўтказилди. Пойтахтимиз аҳолиси ва ёшлар иштирокида бўлиб ўтган марофонда академиянинг 25 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи ва курсантлари фаол иштирок этди. Академия терма жамоаси аъзолари 21 километр масофани, шунингдек, жорий йил 10 январь куни ўтказилган «Мен ғолиб» марофонида эса 10 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи ва курсантлар 10 километр масофани белгиланган меъёр ва қоидаларга асосан финишга етиб келди.
Оммавий спорт турларидан бирига айланган бадминтон ва бокс академия ҳарбий хизматчи ва курсантлари орасида кенг оммалашди.
2020 йил 11-13 декабрь кунлари Хоразм вилояти Хива шаҳрида спортнинг армрестлинг тури бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада Қорақолпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 200 нафардан ортиқ спортчилар ўзаро куч синашди. Қизғин ва муросасиз кечган мусобақада ФВВ академияси 4-босқич курсанти Ҳурматилло Мадазимов 75 килограм вазн тоифасида иштирок этиб, ўнг қўл билан битта олтин ва чап қўл билан эса битта бронза медалини қўлга киритиб, Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди.
Алишер Навоий бобомиз ўз даврида ёшларга мурожаат қилиб, «Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт», деб ёзганлар. Чиндан ҳам, одамларга қуёшдек беминнат нур таратишни, яхшилик қилишни истайдиган инсон, камолотга интилиб, турли илм ва касб-ҳунарларни ўзлаштириши лозим.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «Ўз фарзандларида юксак ватанпарварлик руҳини камол топтира олмаган давлат, қандай қудратли қуролга эга бўлмасин, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлай олмайди». Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига оладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Абдуазим Ахмадхўжаев,
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
академияси бошлиғининг ўринбосари,
полковник