Мақсади улуғ тадбиркорлар
Янги Ўзбекистонда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Бугун юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ўз меҳнати, ташаббуси ва изланиши билан муваффақият қозонаётган тадбиркорлар сафининг кенгайиб бораётгани бунинг яққол исботидир.
Учқудуқ туманида фаолият юритаётган “Учқудуқ диёр мебель” масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай корхоналардан бири. Бир пайтлар хонадондаги кичик устахона сифатида фаолиятини бошлаган бу корхона бугунги кунда замонавий технологиялар асосида мебель ишлаб чиқариш мажмуасига айланиб бормоқда.
Корхонани ака-ука ҳунармандлар Камол Ҳайитов ва Қандиёр Облоев ташкил этган. Дастлаб телефон ва танишлар орқали қабул қилинган буюртмалар асосида уй ва ошхона жиҳозлари тайёрлаган усталар маҳсулотларига талаб ортиб бориши натижасида туманнинг Абай маҳалласида алоҳида цех ташкил этди.
Мамлакатимизда қурилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар ва хизмат кўрсатиш мажмуаларининг барпо этилиши мебель маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни ҳам сезиларли даражада оширди. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар эшигини очди.
– Ҳунарли инсон ҳеч қачон қийналмайди, – дейди Камол Ҳайитов. – Аввалига кичик буюртмалар билан иш бошлаган бўлсак, бугун йирик лойиҳаларни ҳам бажариш имкониятига эгамиз. 2021 йилда Хитой технологияси асосидаги замонавий дастгоҳлар ўрнатдик. Кейинчалик мебель безаш ускуналарини ҳам харид қилдик. Бугун қурилишлар кўпайгани сайин буюртмаларимиз ҳам ортиб бормоқда.
Корхонада бугунги кунда 50 дан ортиқ турдаги мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулот тайёрлашда Россия, Беларус, Эрон ва Хитойдан келтириладиган сифатли хомашё ҳамда фурнитуралардан фойдаланилмоқда.
Энг муҳими, давлат томонидан тадбиркорларга яратилаётган молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш имконини бермоқда. Хусусан, корхона 400 миллион сўмлик имтиёзли кредитдан фойдаланиб, Хитойдан энг сўнгги русумдаги бешта замонавий мебелсозлик ускунасини харид қилди.
– Янги технологиялар ишга тушгач, ишлаб чиқариш ҳажми бир неча баробарга ошади, – дейди корхона раҳбари Қандиёр Облоев. – Ҳозирги имкониятларимиз билан тўрт кунда бир тўплам ошхона жиҳози тайёрласак, янги ускуналар ёрдамида бир кунда ўнтагача тўплам ишлаб чиқариш имконига эга бўламиз. Бу нафақат вақтни тежайди, балки маҳсулот сифати ва аниқлигини ҳам янада оширади.
Янги қувватларни ишга тушириш натижасида маҳсулотлар турини 100 тадан ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ҳамда офис, меҳмонхона, ресторан, савдо ва ижтимоий муассасалар учун махсус мебель ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
“Учқудуқ диёр мебель” жамоасининг режалари улкан. Улар яқин келажакда маҳаллий бозор билан бир қаторда қўшни давлатларга ҳам мебель маҳсулотларини экспорт қилишни мақсад қилган. Бу эса мамлакатимизда “маҳалладан – экспортгача” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири