Мақсад – қишни талафотсиз ўтказиш
Жиззах вилояти прокурори Бахтиёр Иброҳимов бошчилигидаги ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Жиззах шаҳри марказида ўрнатилган Янги йил бош арчаси ёнида ташкил қилинган тадбирларда жамоат тартибини сақлаш ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, “Заргарлик” маҳалласидаги кўп қаватли уй-жойлар, Эндокринология маркази Жиззах филиали иссиқлик таъминотининг аҳволи, шунингдек 2-сонли ички ишлар бўлими фаолияти ўрганилди.
Вилоят прокурори ўринбосарлари томонидан эса туман ва шаҳарлардаги диспетчерлик марказлари, авария бригадалари фаолияти ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимлари кўздан кечирилди. Шунингдек, вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Алишер Шамсиев бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан Зарбдор туманида қиш мавсумини талофатсиз ўтказиш, энергия ресурсларини иқтисод қилиш, уларни талон-торож қилиш ҳолатларини олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.


Қиш мавсумини талофатсиз ўтказиш бўйича ташкил этилган туман штаби фаолияти, туман газ ва электр таъминоти корхоналарида навбатчилик тартиби ва авария бригадалари тайёргарлиги ўрганилиб, зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.


Бундан ташқари, вилоят прокурорининг ўринбосари Маъруф Хўжамқулов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Шароф Рашидов туман электр тармоқлари корхонаси ва газ таъминоти бўлими масъуллари иштирокида диспетчерлик хизматлари, қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича ташкил этилган туман штаби фаолияти ҳамда туман тиббиёт бирлашмасининг мавсумга тайёргарлик ишлари ўрганилиб, масъулларга зарур топшириқлар берилди.



Ўрганишлардан сўнг вилоят, шаҳар ва туманлар штабларининг масъуллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Аҳоли хонадонлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларига энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш ҳамда авария ҳолатлари бўйича келиб тушган мурожаатларни бартараф этиш юзасидан топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА