Мақсад, қиш мавсумини барқарор ўтказиш
Сирдарё иссиқлик электр станциясида электр энергияси ишлаб чиқариш, қуввати 1500 кВт. бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиш жараёни ва муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Президентимиз раислигида 2022 йил 10 июнь куни қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизими корхоналарида қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этилмоқда.

Мамлакатимиздаги энг йирик электр станцияси ҳисобланган Сирдарё ИЭСда амалга оширилаётган ишлар бунга яққол мисол бўла олади.
Электр станциясининг ўрнатилган қуввати 3 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш бўлса-да, бугунги кунда аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини инобатга олган ҳолда замонавий, иқтисодий жиҳатдан самарали бўлган фотоэлектр станциясини қуриш замон талабига айланиб бормоқда.

ОАВ вакилларига Сирдарё ИЭС масъуллари станциянинг барпо бўлишидан тортиб унинг ҳозирги кунгача бўлган фаолияти ҳақида маълумот берди. Сўнг пресс-тур иштирокчилари жорий йилнинг сентябр ойидан буён Сирдарё ИЭС корхонасининг ички ҳудудида жойлашган 2 гектарлик очиқ майдонда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ томонидан амалга оширилаётган қуввати 1200-1500 кВт.соат бўлган қуёш фотоэлектр станциясининг қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Мазкур станция ишга туширилгач, йилига 3 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, бу эса 900 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинишига эришилади демакдир. Ушбу ишлардан кўзланган асосий мақсад, тизимда энергия самарадорлигига эришиш, ўз эҳтиёжлари учун сарфланадиган энергияни муқобил энергия манбаларидан қоплаш орқали ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш орқали маҳсулот таннархини янада пасайтиришдир.

Қиш мавсумида энергоблокларнинг беталафот ва барқарор ишлашини, халқимизни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш каби мақсадларда “Иссиқлик электр энергиялари” АЖ бошқа корхоналари каби, Сирдарё ИЭС корхонасида ҳам корхонанинг раҳбар ходимларидан иборат 24 соатлик штаб ташкил этилган. Вазифа - туну-кун энергоблокларнинг нормал иш режимида бўлишини қатъий назоратга олишдир.

Сирдарё ИЭСда жами 10 та энергоблок бўлиб, энергоускуналар ишлаб чиқариш жараёнининг барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлаш мақсадида, жорий йилда иккита энергоблокда мукаммал таъмирлаш, қолган энергоблокларда эса жорий таъмирлаш ишлари режа асосида босқичма-босқич амалга оширилди.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоблар олди.

Шуҳрат Суяров, ЎзА