Мақсад мавсумни беталафот ўтказиш
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали ва унинг туманлардаги бўлимлари томонидан куз-қиш мавсумига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Бухоро тумани фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳамкорлигида “Боғикалон” ва “Галаосиё” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги аҳоли хонадонларига ўтказилган тарғибот тадбирлари ҳам худди шу мақсадга қаратилган.
Тадбир давомида хавфсизликка риоя этиш, куз-қиш даврида тайёргарлик жараёнларини кучайтириш, газ жиҳозларидан тўғри фойдаланиш, ис газининг олдини олиш, дудбуронларнинг тўғри ўрнатилиши, уларнинг тозалигига эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан тушунтириш берилди.

Тарғибот давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Аксарият истеъмолчилар дудбуронларни нотўғри ўрнатганлиги ёки унинг тозалигига аҳамият қаратмай келаётганлиги, мавсумга тайёргарликсиз кириб бораётганлиги танқид қилинди.
– Ачинарлиси, улар дудбуронларнинг носоз аҳволга келиб қолганлигига эътибор қаратмасдан иситиш печидан фойдаланмоқда, – дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Саъдулло Халилов. – Соҳа ходимлари томонидан бу каби ҳолатлар турли бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланди. Унинг олдини олиш мақсадида эса кўрсатмалар берилди.
Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига асосан газ асбобларидан чиқадиган мўри каналларининг ўрнатилишига эътибор қаратиш, камида том чўққисидан 1,5 метр узоқликда ўрнатиш, қоида талаблардан келиб чиққан ҳолда уларга ҳимоя қалпоқларининг бўлиши, таъмирталаб ҳолга келиб қолган бўлса ўз вақтида янгисига алмаштирилиши лозимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорининг тегишли бандида истеъмолчининг хавфсизлиги борасидаги мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Хусусан, белгиланган тартибда тутун мўрилари, вентиляция каналларининг ҳолатини ўз вақтида текширилишини ташкил этиш, носозликлар мавжуд бўлса улар тўғрисида ёнғин хавфсизлиги хизматларига хабар бериш шарт.
Зариф Комилов, ЎзА