Мақсад куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш
Қашқадарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ташаббуси билан ОАВ вакиллари иштирокида “Қашқадарё вилоятида куз-қиш мавсумини хавфсиз ўтказиш, ёнғин ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ҳамда “Энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш ойлиги” доирасида режалаштирилган тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Қарши шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими биносида ташкил этилган тадбирда тизим ходимлари, ОАВ вакиллари, мавзуга алоқадор ташкилотлар масъуллари ва бошқалар иштирок этди.
Тадбирда бошқарма бошлиғи Фарҳод Мирзаев иштирок этиб, слайдлар ёрдамида куз-қиш мавсумида ис газидан ҳимояланиш, хавфсизлик қоидалари, белгиланган талаблар ва нормалар хусусида журналистларга батафсил маълумот бериб ўтди.
Тақдимот давомида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ статистик рақамларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Жумладан, таҳлилларга кўра, вилоятда 2024 йилда 2 та ҳолатда 4 нафар, 2025 йилда 1 та ҳолатда 1 нафар, 2026 йилнинг ўтган даврида эса 1 та ҳолатда 3 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этган. Шунингдек, сўнгги уч йилда газ-ҳаво аралашмаси чақнаши билан боғлиқ 18 та ҳолат қайд этилиб, оқибатда 14 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 57 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
[gallery-32342]
Маълумотларга кўра, вилоятда 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида ёнғин, ис газидан заҳарланиш ҳамда газ-ҳаво аралашмаси чақнашининг олдини олиш мақсадида 16 шаҳар ва туманда ҳокимликлар билан ҳамкорликда штаблар ва ишчи гуруҳлар ташкил этилган ва уларга 355 нафар ходим жалб этилган.
Кўп қаватли уй-жойларда 70 минг 925 та хонадон ўрганилиб, 237 минг 150 та хонадонда тарғибот ишлари олиб борилган. Аниқланган 28 минг 667 та камчиликнинг 92 фоизи бартараф этилган.
Ф.Мирзаев журналистлар билан мулоқот давомида салбий оқибатларга олиб келувчи фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишда, тарғибот ишларини кучайтириш, аҳолининг огоҳлигини ошириш борасида журналистларни ҳамкорликка чақирди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари